Линклар

logo-print

22 феврал куни дунёнинг турли мамлакатларидаги ўзбеклар диаспоралари вакиллари Швецияда бошпана топган таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасд уюштирилганининг бир йиллиги муносабати билан норозилик намойишлари ўтказишяпти.



Асосий норозилик тадбирлари жума куни Стокҳолм шаҳридаги Швеция парламенти қаршисида бўляпти.

Бугунги норозилик тадбирида Швецияда яшовчи Обидхон қорининг издошлари, мухолифат вакиллари ҳамда ўзбек қочқинлари қатнашмоқда.

Норозилик тадбирида қатнашиш учун Швециянинг Стромшунд шаҳрида пойтахт Стокҳолмга етиб келган ўзбекистонлик қочқин Аҳмаджоннинг айтишича, намойишдан мақсад Обидхон қори Назаровга уюштирилган суиқасд бўйича адолат қарор топишига эришишдир.

- Маълумки, устозимиз Обидхон қори акага нисбатан суиқасд уюштирилганига бир йил тўлар экан, шу кунгача ушбу жиноятни ижро этган, унга ёрдам берган ва уларга буйруқ бериб, уларни молиявий таъминлаган кимсаларнинг биронтаси ўз қилмишига яраша жазо олгани йўқ,- дейди Аҳмаджон.

Шунингдек, 22 феврал куни АҚШ, Британия, Канада, Дания, Холландия, Туркия, Австралияда ҳам ўзбек диаспораси вакиллари Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасд уюштирилганининг бир йиллиги муносабати билан норозилик тадбирларини ўтказишлари кутиляпти.

Обид қори Назаров бир йил аввал, 22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

55 ёшли Обидхон қори Назаров ҳамон шифохонада кома ҳолатида ётибди. Обидхон қори Назаров жонига қасд қилганликда гумон қилинаётган Юрий Жуковский исмли шахс ҳамон ушлангани йўқ.

Суиқасдга алоқадор деб кўрилган ўзбекистонлик эр-хотин -- Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова ўтган йил июл ойида маҳкама қарорига биноан айбсиз деб топилиб, озодликка чиқарилганди. Маҳкама ишини кузатган ўзбекистонлик муҳожирлар маҳкама қарори адолатсиз бўлганини таъкидлашган.

Швеция прокуратураси маҳкама ҳукми юзасидан шикоят киритган. Имомни отганликда гумон қилинаётган Юрий Жуковский исмли шахс Россияда қўлга олингани ҳақда швед матбуотида хабарлар пайдо бўлган эди.

Лекин, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу хабарни тасдиқламаган, инкор ҳам қилмаган.

Швед прокурори Кристер Петерссон ҳам Обид қори Назаровга қилинган суиқасдда асосий гумонланувчи Юрий Жуковскийнинг Россияда ҳибсга олинганини тасдиқламади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG