Линклар

Қирғизистон парламенти ГЭС қуришга оид келишувни ратификация қилди


Қирғиз парламенти Норин дарёси устида гидроэлектростанция қуришга оид Қирғизистон ва Россия ўртасида имзоланган келишувни ратификация қилди.

Парламент маъқуллаган ҳужжат кучга кириши учун уни Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев имзолаши керак.

Мазкур келишув ўтган йилнинг сентябрда Россия Президенти Владимир Путиннинг Бишкекка ташрифи давомида имзоланган эди. Унга кўра, Россия гидроиншоотни қуриш лойиҳасига 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя қилиши керак.

Шунингдек келишувда Россия сармоя қилган маблағ қатйрилгунига қадар Қирғизистондаги тўққизта гидроиншоотда 75 фоиз улушга эгалик қилиши кўзда тутилган. Россия сармояси қайтарилгач эса, иккала томон 50 фоиздан улушларни назорат қилади.

Қирғизистон парламентида келишув ратификациясига оид масала декабр ойидан бери қизғин муҳокама қилинди.

Ўзбекистон бу каби келишувлар имзоланишида минтақадаги барча мамлакат манфаатлари инобатга олиниши лозимлигини айтиб, қўшни республиканинг ГЭС қуриш лойиҳасини танқид қилиб келади.
XS
SM
MD
LG