Линклар

Эронга нисбатан босим кучаймоқда


Эрон мукаммалроқ центрифугаларни ишга тушираётганига оид ҳисоботлар ортида Теҳрон ҳукуматига нисбатан халқаро босимлар кучаймоқда. БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлиги пайшанба куни эълон қилган ҳисоботга кўра, центрифугалар Натанздаги ядровий заводга ўрнатилмоқда.

Қўшма Штатлар Эроннинг бу ҳаракати “провокацион қадам” бўлишини баён қилди. Британия эса, бу вазият “жиддий ташвиш” келтириб чиқаришини таъкидлади.

Эроннинг ашаддий рақиби Исроил Исломий Республика атом бомбасида ишлатилиши мумкин бўлган бойитилган уранни қўлга киритишга бевосита яқинлашди, дея баёнот берди.

АЭХАга кўра, Натанзда ўрнатилиши айтилаётган центрифугаларнинг ишга туширилиши Эронга уранни бойитиш жараёнини жиддий тарзда тезлатиш имконини беради, дея маълум қилди.

Ғарб давлатлари Эронни яширин тарзда ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётганликда айблаб келади. Теҳрон бу айбловларни рад этади.

Келаси ҳафта Қозоғистонда Эрон билан олти қудратли давлат ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG