Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:38

Ўн бир олим бир лаҳзада миллионерга айланди


 Google ва Facebook асосчилари Сергей Брин ҳамда Марк Цукерберг янги мукофотни таъсис этди.
Google ва Facebook асосчилари Сергей Брин ҳамда Марк Цукерберг янги мукофотни таъсис этди.

АҚШ, Япония ва Нидерландларда фаолият кўрсатаётган 11 нафар олим ўзлари ҳам кутмаган тарзда маблағ жиҳатидан дунёнинг энг катта мукофотига сазовор бўлди ва бир лаҳзада миллионерларга айланди.

Олимларнинг ҳар бирига биомедицина соҳасидаги тадқиқотлари учун 3 миллион доллардан мукофот пули берилди. Бу Нобел мукофоти лауреатларига бериладиган мукофот пули миқдоридан икки баробарга кўпдир.

Ўн бир лауреатдан тўққиз нафари АҚШ олийгоҳларида ва илмий тадқиқот марказларида фаолият кўрсатади. Қолган икки олимнинг бири япониялик, яна бири эса нидерландиялик.

Мукофот соҳибларидан бири Люис Кэнтли Ню Йоркдаги Weill Cornell коллежининг онкология бўлими мудири.

-Бундай мукофот борлигини эшитмаган эдим. Мукофотланганим тўғрсидаги хабарни эшитганимдан сўнг хурсандлигимдан эсимни йўқотаёздим, -деди у.

Ҳар бири 3 миллиолн доллардан бўлган мазкур мукофот Google ва Facebook ширкатлари асосчилари - АҚШ фуқаролари Сергей Брин, Марк Цукерберг ҳамда россиялик сармоядор Юрий Милнер томонидан таъсис этилган.

-Мен бизнинг жамиятимизга олимлар, тадқиқотчилар ва инженер қаҳрамонлар кўпроқ керак деб ҳисоблайман, - деди Facebook асосчиси Марк Цукерберг мукофот ҳақида гапирар экан.

Google асосчиси Сергей Брин эса олимлар инсон ҳаёти ва саломатлигига катта ҳисса қўшаётганлари учун машхур спортичлар, санъаткорлардан кўра кўпроқ ҳурматланиши ҳамда тақдирланиши лозим деб билади.

Сергей Бриннинг рафиқаси Анна Войжицки 23andMe деб номланган генетика ширкатнинг асосчиси. Анна олимлар учун янги мукофотнинг ташкил этилиши ўзининг қайнонаси каби оғир дардга дучор бўлган одамларни даволашга ёрдам берувчи воситаларнинг кашф этилишига туртки бўлади, деб ҳисоблайди.

-Паркинсон касалининг давосини топиш биз учун жуда аҳамиятли. Сабаби қайнонам мана шу дардга чалинган. Турмуш ўртоғимга ҳам бу касаллик таҳдид солиши мумкин,-деди Анна Войжицки.

Янги жамғарма мукофот бериладиган одамлар сонини Нобел қўмитаси каби чекламайди. Мукофотни олган олимлар мукофотга янги номзодларни аниқловчи қўмита аъзолари сафига қўшилади. Тақдимоти Сан Францискода ўтадиган мазкур мукофотни топшириш маросими ҳам Нобел қўмитасидан фарқли ўлароқ ортиқча дабдабаларсиз ўтиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG