Линклар

logo-print

Техасда россиялик асранди боланинг ўлими сабаблари ўрганилмоқда


Ўтган ой оҳирларида АҚШнинг Техас штатидаги Гардендейл шаҳрида Россиядан асраб олинган уч яшар Макс Шатто (туғилганидаги исми Максим Кузмин) оламдан ўтди.

Гўёки болакай ҳовлида укаси билан ўйнаётиб йиқилиб тушган. Россиялик айрим расмийлар эса асраб олинган бола “шавқатсизлик” қурбони бўлганини иддао этишмоқда ва уни асраб олган америкалик онаси Лора Шаттони “қотиллик”да айблашмоқда.

Пайшанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Максим Кузмин-Макс Шаттонинг "шафқатсиз ҳамда ноинсоний муносабат" туфайли вафот этганига ишониш учун асослар борлиги ҳақида гапирди.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари эса хулоса ясашга эрта эканини айтишмоқда.

Уларга кўра, бола ўлими юзасидан тергов ҳали давом этмоқда, тиббий экспертиза натижалари маълум эмас.

Америкалик терговчилар ҳам болакайнинг танасида кўкарган изларни кўрган эсалар-да, бу унинг қийноқдан вафот этганини таъкидлаш учун етарли асос эмаслигини айтмоқдалар.

Техас штатининг Эктор округи тиббий экспертиза марказининг катта терговчиси Ширли Стандухфер боланинг жасади очилишидан олдин кўрганини айтган.

- Бола танасининг кўп жойида кўкарган излар бор эди. Бу излар чақалоқлигидан қолган изларми ёки жароҳат изларими, бу ҳақда айтолмайман, сабаб доктор эмасман - дейди Стандухфер.

Айни пайтда россиялик расмийлар бола ўлими сабабларини тергов қилишда рус экспертларининг ҳам қатнашиши лозим, деган талабларни илгари сурмоқда.

Шу ҳафтада Россия президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Павел Астахов россиялик мутахассисларга тергов материаллари билан танишишларига рухсат берилишини сўради.

Аммо, Техас штатининг Эктор округи шерифи Марк Донадлсонга кўра бу имконсиз.

– Бу бола Техаснинг боласи бўлган. У менинг округимда яшаган. Бу бола нима сабабдан ўлганини аниқлаш менинг зиммамдадир - деди Доналдсон.


Туғилганидаги исми Максим Кузмин бўлган Макс ва унинг икки яшар укаси Кирил Техаснинг Эктор округидаги Гардендейл шаҳрига уч ойча аввал келишган эди.

Улар ўтган йил кузида Россиянинг Псков вилоятидаги болалар уйидан америкалик Алан ва Лора Шаттолар тарафидан асраб олингандилар.

Ўтган йилнинг декабр ойида эса Россияда мамлакат болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини тақиқловчи қонун қабул қилинди.

Россия Давлат Думасининг халқаро алоқалар қўмитаси раиси Алексей Пушков Техасдаги сўнгги ҳодиса россиялик болаларнинг америкалик оилалар тарафидан асраб олиниши масаласига сўнгги нуқтани қўйди, деб айтди.

Аммо, Россия президентининг матбуот вакили Дмитрий Песковга кўра, етарли исбот-далиллар келтирилмас экан расмий Кремл Максим Кузминни қотиллик қурбони бўлди, дея олмайди.
XS
SM
MD
LG