Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:39

ONLINE: Меҳнат учун хорижга чиқишни чеклаш нима беради?


Одам савдоси ва муҳожирлар ҳуқуқи топталиши олдини олиш мақсади билан Россия ва Қозоғистонга кетаётган меҳнат муҳожирларининг четга чиқишини чеклаш фуқароларни хор-зор мардикорликдан, вазирларни эса президент қаршисидаги шармандаликдан қутқарадими? 25 феврал, кечки соат 21:05 да бўлган OzodlikOnline интерактив мулоқотида шу ҳақда суҳбатлашдик.


18-19 феврал кунлари Тошкент вилояти билан Қозоғистоннинг Жанубий-Қозоғистон вилояти ўртасидаги "Ғишткўприк" - "Жибек жўли" (Черняевка) чегара ўтиш пункти орқали яқин хорижга чиқмоқчи бўлган ўзбекистонликларнинг йўли тўсилди.

Республика Ички ишлар вазирлиги блокпостлари чегара пунктидан тахминан 500 метр берига ўрнатилди ва милиция ходимлари Россия ҳамда Қозоғистонга ишлаш учун кетаётган меҳнат муҳожирларидан хорижлик иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномасини кўрсатишни талаб қилди.



Озодлик мухбирига вазият юзасидан изоҳ берган чегара расмийлари қўшимча блокпосту, текшир-текширдан мақсад Ўзбекистон фуқароларининг хорижда одам савдоси қурбонига айланиши, шунингдек чала-чулпа ҳужжат билан четга чиқиб, ҳуқуқлари топталиши олдини олиш эканини айтдилар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:44:47 0:00
Бевосита линк

Гарчи кейинги кунданоқ назорат бироз енгиллагани айтилсада, “Ғишткўприк” чегара ўтиш пункти яқинига ўрнатилган қўшимча милиция назорат постлари олиб ташланмади.

“Ғишткўприк” чегара-божхона назорати хизматининг ўзини таништирмаган ходими меҳнат муҳожирлари устидан назоратни кучайтириш ташаббуси Ички ишлар вазирлигига тегишли экани, бу назоратнинг узоқ муддат сақланиб қолиши эҳтимоли ҳақида гапирди.

"Ғишткўприк" - "Жибек Жўли" чегара ўтиш пункти Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги энг катта чегара пункти ҳисобланади ва бу ердан кунига 5-8 минг одам ўтиши айтилади.

Ўтувчилар, асосан Қозоғистон ва Россияга иш қидириб кетаётган ўзбекистонликалар ҳамда чегара олди ҳудудида тирикчилик қиладиган маҳаллий аҳолидир.

Бундан ташқари, Зангиота туманининг "Келес" шаҳридаги темир йўл станцияси қўшни Қозоғистонга туташган чегараолди ҳудудидаги йирик станция ҳисобланади. Тошкентдан Қозоғистон ва сўнгра Россияга кетадиган поездлар ҳам шу станцияда Ўзбекистон божхоначиларининг жиддий назоратидан ўтказилади.

Россия томони берган расмий рақамларда 4 миллиондан ортиқ, норасмий манбаларда эса 8 миллионга қадар дейилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун Россияга борадиган энг арзон темир йўли "Келес", энг арзон автомобил йўллари эса "Ғишткўприк" чегара постларидан ўтади.

Бу пунктлардан кўпроқ Россия ва Қозоғистондан пул топиб келаётган туниш-билишлари, маҳалладошлари ва нотаниш иш берувчилар қўлига тақдирини таваккал қилганлар, яъни нотаниш юртдан ҳали иш топмаган муҳожирларнинг ўтиши кузатилади.

Хориждан иш топган ва шартнома тузган ёки энг камида. шартнома асосида ишлаётган яқинлари ортидан бораётган муҳожирларнинг аксарияти эса Тошкент шаҳридаги Шимолий темир йўл вокзалидан йўлга чиқиши кузатилади.

Зеро, бу вокзалда назорат аввалдан кучли эди ва шу кунларда бу ерда ҳам айнан меҳнат муҳожирларининг ҳужжати аввалгидан қаттиқроқ текширилаётганига Озодлик мухбири гувоҳ бўлди.

Меҳнат муҳожирлари устидан бу таҳлит назоратнинг кучайтирилиши эса ўтган ой Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил якунларига бағишланган йиғинида президент Ислом Каримовнинг ўзбекистонликлар Россияда мардикорлик қилаётгани хусусида ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов ва бош прокурор Рашид Қодировни кескин танқид қилгани билан боғланмоқда.

Шу тариқа, президент танбеҳидан сўнг хорижга йўл олаётган муҳожирларнинг ҳаракатини чеклашга қарор қилган ўзбек расмийларининг бу тадбири ҳақиқатда ҳам одам савдоси ва меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари топталиши олдини олишга хизмат қиладими?

Россия ва Қозоғистонда қулликка тушиб қолаётган муҳожирларининг бу кўргуликларига фақатгина хориждаги иш берувчи билан меҳнат шартномасининг йўқлиги сабабми?

Сизнингча, кўпи билан 8 миллиондан ортиқлиги тахмин қилинган муҳожирларининг қанчаси меҳнат шартномаси билан тайёр иш ва жойга кетаяптию, қанчаси таниш-билишига эргашиб, нотаниш манзилга йўл оляпти?

Сизнингча, асосан Россия ва Қозоғистонда қийин аҳволга тушаётган, ҳақлари берилмай кўчага қувилаётган ёки полиция қўлига топиширилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг асл йўллари қандай?

Номаълум сабаблар билан, номаълум шахслар томонидан ўлдирилиб, жасадлари лотокларда қолдирилаётган меҳнат муҳожирларининг бундай машъум қисматга учраётганида кўпроқ кимни масъул кўрасиз?

Сизнингча, меҳнат муҳожирининг ҳимояси қаерда бошланиб, қаерда тугайди?


Душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган Ozodlik ONLINE жонли интерактив дастуримизда сизнинг бу ва бошқа саволлар атрофидаги фикрингизни эшитмоқчимиз.

Муштарий ва тингловчиларимиз, бу соҳадан хабардор экспертлар, ҳуқуқшунослар, Россияда ва Қозоғистондаги ўзбек жамоалари етакчилари - ҳамма – ҳаммани Ozodlik ONLINE мулоқотига таклиф қиламиз!

OzodlikOnline давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин. Агар ҳали Skypeдаги манзилимизга қўшилмаган бўлсангиз, Оzodskype ва OzodlikOnline манзилларига сўров юборинг ва skypeдошларимиз сафига қўшилинг!
XS
SM
MD
LG