Линклар

АҚШ Давлат котиби Европа ва Яқин Шарққа сафарини бошлади


АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 24 феврал куни Ғарбий Европа ва Яқин Шарққа сафарини бошлади. Уч ҳафта олдин АҚШ Давлат котиби лавозимини эгаллаганидан бери бу Керрининг хорижга биринчи сафаридир.

Давлат департамаенти матбуот котиби Виктория Нуландга кўра, Жон Керри ўзининг тўққиз давлатга ташрифидан мақсад АҚШнинг муҳим иттифоқчилари билан икки томонлама муносабатлар ва глобал масалаларни муҳокама қилишдан иборат эканини айтган.

- Менимча, у ҳам Европадаги иттифоқчи ва ҳамкорлар билан, ҳам Яқин Шарқдаги ҳамкорлар билан Ливия, Тунис, Миср, Сурия, шунингдек, Эрон билан боғлиқ кенг қамровли масалалар юзасидан яхши мулоқот ўтказишга бел боғлаган. Менимча, сафар давомида ана шу мавзулар кўп марта кўтарилганини эшитасиз, - деди Виктория Нуланд.

АҚШ Давлат котиби дастлаб Лондон, Париж, Истанбул ва Римда бўлиб, Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлаётган давлатлар вакиллари учрашувида қатнашиши режаланган.

Нуландга кўра, Жон Керри йиғилишдан ташқари Сурия мухолифати вакиллари билан алоҳида учрашиши ва Сурия президенти Башар Ал-Ассад ҳукумати кучларига қарши курашда мухолифат АҚШдан яна нимани кутаётганини муҳокама этади.

Бироқ Сурия мухолифатининг етакчи коалицияси Рим анжуманида иштирок этмаслигини эълон қилган. Коалиция ўз қарорини Сурияда тинч аҳоли ўлдирилишини тўхтатиш учун халқаро ҳамжамият томонидан чоралар кўрмаётгани билан изоҳлаган.

Қўшма Штатлар шу пайтгача Сурия мухолифатига қуроллар етказиб беришга қарши чиқиб, эътиборни гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мухолифат назоратига олган ҳудудларда тузилган маҳаллий мувофиқлаштирувчи кенгашларини қўллаб-қувватлашга қаратган.

Жон Керри Европага сафари давомида Берлинда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан илк бор юзма-юз учрашади.

Давлат департаменти маълумотига кўра, Керри ва Лавров ўртасидаги сўзлашувда “кенг қамровли икки томонлама ва халқаро масалалар” муҳокама этилиши режаланган.

Виктория Нуланд мулоқот чоғида Шимолий Корея, Сурия ва Эрон асосий мавзу бўлишини эҳтимолдан соқит қилмади.

Керри Қоҳирига ташрифи чоғида Миср раҳбарлари ва етакчи сиёсий арбоблар билан учрашиб сиёсий масалалар ва иқтисодий ислоҳотлар борасида муросага келишга рағбатлантириши кутилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри тўққиз давлатга сафарини Саудия Абистонидан сўнг 6 март куни Қатарга ташрифи билан якунлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG