Линклар

logo-print

Қирғизистонда 500 га яқин бола ОИВга чалинган


Қирғизистонда ОИТСга чалинган биринчи одам 1996 йилда рўйхатга олинган.

Қирғизистонда ОИТСга чалинган биринчи одам 1996 йилда рўйхатга олинган.

Қирғизистонда Одам Иммун Тақчиллиги Синдроми (ОИТС)га чалинган 158 одам ўтган йили вафот этди. ОИВга чалинганлар сони эса ўтган йилга нисбатан 15 фоизга кўпайди.Биргина ўтган йили Қирғизистонда ОИВга чалинган 157 балоғатга етмаган бола аниқланган.

Қирғизистон ОИТС маркази раҳбари Умут Чокморованинг айтишича, ўтган йили ОИТСдан вафот этган 138 одамнинг 8 нафари балоғатга етмаган боладир.

- Қирғизистонда ОИТС биринчи марта 1996 йилда рўйхатга олинган. Ўшандан бери бу дардга чалинганлар сони 1 январгача 4611 кишига етган. Уларнинг 706 нафари вафот этди. 2011 йилда 599 киши, 2012 йилда эса 724 кишининг ОИВга чалингани аниқланган. Бу эса аввалги йилга қараганда 125 одамга кўпдир, -деди Умут Чокморова.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда ОИВ ва ОИТСга чалинганларнинг 68 фоизи гиёҳвандлардир. Касаллик, айниқса, ўсмирлар орасида тез тарқалаётгани айтилмоқда. Ўш ва Жалолободда 2004-2009 йилда туғилган болалар ва 14 ёшгача бўлган ўсмирларни оммавий текшириш натижасида 157 бемор аниқланди.

- 2012 йилнинг 1 январигача ОИВга чалинган 464 бола рўйхатга олинган эди. Уларнинг 35 таси вафот этган. Ўтган йили эса 157 бола аниқланди. Уларнинг 8 нафари вафот этган. 2011 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2004-2009 йиллар оралиғида туғилган болалар ва 14 ёшгача ўсмирларни текшириш ҳақида буйруқ чиқарган эди. Мана шу текширув натижасида 157 бола ОИВга чалингани аниқланган, -деди Умут Чокморова.

Расмий маълумотларда ОИВга чалинган 464 боланинг 317 нафарига бу касаллик шифохоналарда юққани, 130 болага эса онасидан ўтгани айтилади.

2007 йилда Ўш вилоятининг Новқат ва Қорасув туманларида ҳамда Ўш шаҳрида шифокорларнинг масъулиятсизлиги туфайли ўнлаб чақалоқларга ОИВ юқтириб қўйилган эди. Ўтган йили аниқланган 157 бемор бола ҳам касалхоналарда бу дардга чалинган бўлиши мумкин, деб тахмин қилинмоқда.

Ўтган йиллар давомида шифокорлар айби билан бу дардга чалинган болаларнинг оналари Бишкек ва Ўшда бир қатор норозилик намойишларини ўтказган эдилар. Улар бемор болаларга ижтимоий ёрдам ҳажмининг оширилишини, масъулиятсиз шифокорлар жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилишган. Бироқ ҳукумат бу талаблар инобатга олинганини билдирган бўлса-да, шу кунгача уларни бажаргани йўқ.

ОИВга чалинганларнинг асосий қисми Бишкек ва Ўш шаҳрида истиқомат қилар экан. Мутахасисларнинг фикрича, бугунги кунда Қирғизистонда ОИТСга чалинганлар сони 10 минг кишига етган бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG