Линклар

logo-print

НАТО Карзай ҳукумати илгари сурган иддаоларни тасдиқлай олмаслигини айтмоқда


Афғонистодаги НАТО халқаро қўшинлар маъмурияти АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятида низомни бузганига оид Кобул расмийлари иддаоларини тасдиқлай оладиган далиллар ҳозирча топилмаганини эълон қилди.

НАТО қўшинлари матбуот вакили генерал Гунтер Кацнинг бу ҳақдаги баёноти президент Ҳамид Карзай АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятидан икки ҳафта ичида чиқарилишини талаб қилиши ортидан эълон қилинди.

Карзайнинг бу талабига АҚШ махсус кучлари сафида хизмат қилаётган афғонларнинг ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

Кобул ҳукумати АҚШ махсус кучлари ташкил қилган афғон гуруҳларини Вардак вилоятида “хавфсизлик ва барқарорликка путур етказаётганлик ва одамларга тазйиқ ўтказатганлик”да айбламоқда.

Карзай маъмурияти иддаосича, АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятида амалга оширган операциядан кейин тўққиз киши бедарак йўқолган.

НАТО вакили Кац Халқаро хавфсизлик ёрдам кучлари ҳукумат билдирган хавотирлар юзасидан текширув ўтказишини билдирди. Лекин, дея қўшимча қилди у, мазкур масала Афғонистон ҳукумати ва НАТО ўртасида муҳокама қилинмагунига қадар, бошқа изоҳ берилмайди.

Вардак вилояти стратегик минтақа ҳисобланади ва кейинги пайтларда у ерда аксил-террор операциялари кўлами кенгайтирилган.
XS
SM
MD
LG