Линклар

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таяниб, маълумот тарқатган 12.уз нашрига кўра¸ бу аëллар “Ҳизб ут-Таҳрир” ва “Туркистон Исломий ҳаракати” фаоллари сифатида қамоқда жазо ўтаëтган маҳкумларнинг яқинларидир.

Айни нашрда ëзилишича¸ 30 ëшдан 50 ëшгача бўлган бу аëллар¸ диний экстремизм¸ Ўзбекистонда конституцион тузумга тажовуз қилиш¸ ноқонуний диний тадбирлар ташкил қилиш каби жиноятларда айбланмоқда.

Бу аëлларнинг қачон ҳибсга олингани ҳақида нашр маълумот бермаган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили ва Фарғона вилоят ички ишлар вазирлиги мулозимлари Озодликка аëлларнинг хибсга олиниши юзасидан изоҳ беришмади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили “тергов сири” деб аталган процедура боис ҳали суд ҳукми чиқмаган маҳбуслар борасидаги ҳар қандай ахборот матбуотга чиқармаслигини билдирди.



Ўзини Гулчеҳра опа деб таништирган фарғоналик аëлнинг эри ҳам диний экстремизмда айбланиб, ўн йилдан бери қамоқда жазо ўтамоқда.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Гулчехра опа ўтган ҳафта бир гуруҳ аëлларнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

- Улар қамоқдаги эрларини кўришга борганда бир бирлари билан танишиб қолишган¸ кейин ҳар ҳафта бир бирлариникида зиëфат ташкил қилишган. Ана шу зиëфатлардан кейин улар қамоққа олинган,- дейди суҳбатдош.

12.уз нашрида эълон қилинган мақолада Унигулсин Ҳолиқназарова бошчилигидаги 15 нафар аëл ҳар ҳафта йиғилиб Араб дунëси ва Афғонистондаги каби воқеаларни Ўзбекистонга тадбиқ этиш истиқболларини муҳокама қилишгани айтилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таяниб, маълумот тарқатган 12.уз нашрига кўра, бу аëллар Қирғизистон орқали “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотидан пул олиб туришган.

Фарғонадаги қама-қамалар ҳақида маълумотга эга бўлган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилот фаоли Мўътабар Аҳмедованинг Озодликка айтишича, бу аëллар энг камида 6 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

- 159 қўяди албатта. Жуда кам берса, олти ярим йил. Агар порасини бериб кечирим сўрашса, уч ярим йил олиши мумкин¸- дейди суҳбатдош.

159 болалари сони яна кўпаяди

Фарғонада қўлга олинган аëлларнинг эрлари қамоқда экани билдирилди.

30 ëшдан 50 ëшгача бўлган бу аëлларнинг ҳар бири тўрт-беш фарзанд онаси, дейди фарғоналик Гулчеҳра опа.

- Ота меҳрисиз улғайган бу болалар энди онадан ҳам узоқлашади¸- дейди суҳбатдош.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Мўътабар Аҳмедовага кўра¸ бу болаларнинг тақдири бошқа юзлаб шунга ўхшаш оилалар тақдирига уйқаш бўлади.

- Болалар қолаверади. Бувисининг ë амакисининг қўлида. Ëки каттароғи бўлса, кичикларга қараб эплаштириб ўтиради¸- дейди "Мемориал" фаоли.

Тошкентлик Жамила опа 60 ëшда. Жамила опа Қоровулбозор қамоғида 12 йилдан бери 159-модда билан жазо ўтаëтган ўғли Умиджон Ҳожимуротовнинг фарзандларини катта қилмоқда:

- Невараларни мен катта қиляпман. Отам қамоқда деб ўксимасин дея қўлимдан келганини қилдим. Ўқишлари яхши невараларимни. Худо хоҳласа каттаси бу йил олий ўқув юртига топширади. Январда бориб қамоқдаги отасини кўриб келишибди. Энди нимасини айтай, ўғлим Умиджонни намозхонсан деб, 7 йилга кесишувди. Қамоқ муддати тугай деганда яна 7 йил қўшиб беришди¸- дейди маҳбуснинг онаси.

Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда 11 мингга яқин эътиқод маҳбуси мавжуд.

Эътиқоди учун қамалган сиёсий маҳбусларнинг аксарияти асосий жазо муддатини аллақачон ўтаб бўлган, аммо ҳануз панжара ортида.

Фаоллар бунинг сабабини давлатнинг қора рўйxатига боғлашади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG