Линклар

logo-print

Малахов ўғрига чиқарган самарқандлик йигит ҳикояси


Андрей Малаховнинг "Пусть говорят!" кўрсатуви таҳририяти Озодликка бу воқеа юзасидан изоҳ беришни ваъда қилган, лекин ваъда устидан чиққанича йўқ.

Андрей Малаховнинг "Пусть говорят!" кўрсатуви таҳририяти Озодликка бу воқеа юзасидан изоҳ беришни ваъда қилган, лекин ваъда устидан чиққанича йўқ.

Иккинчи жаҳон уруши ветеранини тунаганликда айбланиб, ярим йилдан ошиқ вақт давомида ҳибсда сақланган самарқандлик Ёрқин Тиллаев Озодликка “Пусть говорят!” телешоусида яқинлари тиз чўқишга мажбур этилганини гапириб берди. Бунинг эвазига Ёрқиннинг қариндошларига у озодликка чиқарилиши ваъда қилинган.



Самарқанднинг Пастдарғомидан бўлган Ёрқин Тиллаевнинг 93 ёшли уруш фахрийси Николай Мелниковга жароҳат етказгани ва уни талон-тарож қилганига оид иддаолар судда ўз исботини топмагани ва у қамоқдан чиқариб юборилганига қарамасдан, маҳаллий полиция ва тергов органлари унга нисбатан жиноий иш “вақтинчалик тўхтатилганини” айтмоқда.

Ҳозиргача Калининград вилоятида меҳнат муҳожири бўлиб қолаётган Ёрқин, Озодлик билан суҳбатда, 2012 йилнинг 26 январида содир бўлган воқеаларни эслади.

- Мен ишга кетятувдим. Мен бир кун олдин иш гаплашган эдим. Мен бир кун олдин ойлик олган эдим, ака. Ойликни жияним билан жўнатиб, акамникига кетувдим. Акамникидан дачамга келиб, устубошларимни кийдим, чунки обедда хўжайин айтди “Ишни бошлаймиз”, деди. Иш бўлмаса, магазиндан мой-гўшт олиб келиб, ётаман, деган эдим. Кўчага чиққандим, мени битта гражданский кийимдаги ушладида, "документигни кўрсат", деди ва "орқамдан кеттик", деди. Мен ака русчани яхши билмайман. Нимадир деб, бузуқ дачага олиб кириб кетди, ака. У ерда иккитаси формали, иккитаси гражданскийда экан. Бобой ҳам бор экан. Бобойга айттики, “Кечаги сени урган мана шуми?”, деди. Бобой ҳийла қараяпти: битта кўзини қисади, битта кўзини очади, гапиради... Айттики, “Ўхшаяпти. Похоже”, деди. Кейин менинг оёқ изларимни кўриб, формадагилар бизни “Не он. (таҳр.-У эмас)”, деяпти,- дея эслайди Ёрқин.



Жабрланувчи қария Мелников Тиллаевни танимаганидан кейин, полиция ходимлари Ёрқинни ташқарига чиқариб юборган. Тиллаевнинг сўзларига кўра, ҳодиса жойига етиб келган жиноят тергов бўлими ходимлари ҳам Ёрқинни яна икки маротаба Николай Мелников олдига олиб киради.

“Учинчи маротаба киришим билан бобой менга қараб “Шу!”, деяпти”, дейди Ёрқин.

- Менга қараб “Сен қилдинг!”, деяпти. Энди чол танидими-танимадими, лекин бу ишни мен қилмаганманку. Ментлар ичида ўзаро гаплашиб олдими, нима қилди - мени айблаб ўтирибди, ака. Мени чўнтагимдаги 135 сўм пулни, ўзимни дачамни калитини, телефонларимни олдида, мени отделга олиб кетди. Отделга келдик, кейин сени турган жойингга бориб кўрамиз, деди. Мен “Давай, кетдик!”, дедим. Чунки мен ўзимга ишонаман буни қилмаганимга. Мен дворникликда ишлайман, ака. Мусоркадан куртка - кўйлаклар чиқади – кийиб юраман, нима қилай, ака. Мен бир курткани давно олган эдим. Уни чўнтагида бобойни қоғозчалари бор эканми, билмадим. Иккинчи маротаба олиб кирган эди, мана шу киссамдан олган соатни мен бобойни стол устида кўрган эдим, мени чўнтагимдан олиняпти,- дейди Мелниковнинг ҳужжатлари ва бошқа буюмларининг қандай қилиб уйига келиб қолганидан бехабар Ёрқин.

Жиноятга алоқадорлигини исботловчи “далиллар” топилганидан кейин Калининград тергов изоляторида 7 ой 20 кун ўтириб чиққан Ёрқин бундан олдин ўз қишлоғида чўпон бўлиб ишлаб юрганини гапириб берди.

- Мен бунақа иш қилиб пул топмайман – мен меҳнат қилиб пул топаман. Отам-онам, хотиним, битта ўғлим бор, ака. Бунақа мафиялик қилишга духим етмайди. Фарзандим мана шу апрелда 3 ёшга киради, аёлим ёнимда. Адвокатимиз бизга жой қилган, ўша ерда турибмиз,- дейди Ёрқин Тиллаев.

Ветераннинг калтакланганидан бир ой ўтар-ўрмас Россиянинг 1-канали бошловчиси Андрей Малахов Ёрқин Тиллаевга бағишлаб тайёрланган “Пусть говорят!” кўрсатувида уни “аблаҳ” ва “жиноятчига” чиқарилиши тўғрисида Озодлик олдин хабар берган эди. Бу лавҳага “Ёрқиннинг айби бўлмаса нега унинг қариндошлари бутун студия олдида тиз чўкяпти?”, деган кўплаб изоҳлар келди.

Биз бу савол билан Ёрқиннинг ўзига мурожаат қилдик.

- Ўша ерда менинг опаларим, хотинимни ичкарида тергаб қўйибди: “Бобойдан кечирим сўранглар, агарда кечирим сўрасаларинг – Ёрқинжонни чиқарамиз!”, деган. Хотиним “мени битта хонага олиб кирди ва шу гапни ўзбек аёли айтди”, деяпти. “Кечирим сўрасаларинг Ёрқинжонни ҳозир қўйиб юборамиз!”, деган. Ана ўшандан кейин улар узр сўраб, бобойнинг оёғига тиз чўккан, дейди бу воқеани яқинларидан эшитгани ва ҳозиргача Малаховнинг ўша кўрсатувини кўрмаганини айтган Ёрқин.

Бу йигит Россияга биринчи маротаба 2008 йилда Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Қўчқор Тўраев жамоа хўжалиги Бахшивой қишлоғидан келганини гапиради. Ёрқиннинг сўзларига кўра, устидан жиноий иш очилгач, руҳий эзилгани оқибатида у дудуқлана бошлаган.

“Шуларга қарамасдан, ҳозир ишларим яхши, Худога шукур!”, дея суҳбат сўнггида, ўзининг яқин келажакдаги режалари билан ҳам ўртоқлашди самарқандлик Ёрқин.

- Олдин жуда кам дудуқланар эдим. Мана шу ўтирганимдан кейин, бироз гапларим шунақа бўлди, кўпайди. Ҳар хил ҳаёлларга бордим. Мен тўртинчи синфгача ўқиганман, чўпон бўлиб юрганман. Россияда опам, акаларим бор эди, жиянларим. Бизга ҳам оғир бўляпти, дедим. Кейин булар пул ташлашди ва мен поездга чиқиб Санкт-Петербург деган шаҳарга келдим. Бу ёғига самолётда учдим. Бу ерга келиб 4-5 кундан кейин дворниклик иш чиқиб қолди. Биринчи маротаба шу 2008 йилда келганман. Пул ишлаб, қайтиб бориб тўй қилганман. Оилада бешта қиз учта ўғилмиз. Худога шукур, мана яхши юрибман, ака. Хотиним бирга. Мен дадамнинг кенжа ўғлиман. Дадамизнинг ҳовлиси бор. Шуни ремонт қилишим керак, мол-ҳол, огород қиламан,- дейди Ёрқин.

Шунча қийинчиликлар бошидан кечирганига қарамасдан, Ёрқин бироз бўлса-да пул ишлаб яқин келажакда ўз юртига – Самарқандга қайтиб кетиш ниятида эканини айтди.

Андрей Малаховнинг "Пусть говорят!" кўрсатуви таҳририяти Озодликка Ёрқин Тиллаев суд терговисиз "аблаҳ"га чиқарилган кўрсатув юзасидан изоҳ беришни ваъда қилган, лекин ваъда устидан чиққанича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG