Линклар

logo-print

Қирғиз депутатлари Бакиевни Бишкекка қайтармоқчи


Қурмонбек Бакиев Қирғизистонда жиноятчи сифатида айбланиб, сиртдан 24 йилга кесилган.

Қурмонбек Бакиев Қирғизистонда жиноятчи сифатида айбланиб, сиртдан 24 йилга кесилган.

Қирғизистон парламенти собиқ президент Қурмонбек Бакиевни Бишкекка экстрадиция қилинишига кўмаклашиш илтимоси билан халқаро парламент ташкилотларига мурожаат қабул қилди.

Собиқ президент Қурмонбек Бакиевни Қирғизистонга экстрадиция қилиш масаласида ёрдам кўрсатиш илтимоси билан халқаро парламент ташкилотларига ёзилган мурожаат қирғиз депутатлари томонидан бир овоздан қабул қилинди.

Қирғизистон парламентининг халқаро алоқалар қўмитаси раиси Қанибек Иманалиев Белорус раҳбарияти халқаро қонунларга амал қилган ҳолда Қурмонбек Бакиевни Бишкекка экстрадиция қилиши шарт деб ҳисоблайди.

- Давлат ва ҳукумат имкониятларини одам ўлдиришга йўналтириш жаҳонда энг катта жиноят сифатида баҳоланади. Биз халқаро майдонда нуфузга эга бўлган ташкилотларга умид билан мурожаат қилаяпмиз. ЕХҲТга, ҳамкор давлатларга, ЕврАзЭСга аъзо давлатларга ва КХШТга ҳам мурожаат жўнатдик, - деди Қанибек Иманалиев.

Собиқ президент Қурмонбек Бакиевга 2010 йил инқилобидан сўнг Белорус президенти Александр Лукашенко ўз давлатидан бошпана берган эди. Қирғизистон Бош прокуратураси Минскка бир неча бор талабнома жўнатганига қарамай, Белорус Қурмонбек Бакиевни Бишкекка топширишдан бош тортган.
Бунинг ортидан ўтган йили Бишкекдаги Белорус элчихонаси олдида бир гуруҳ қирғизистонликлар давомли норозилик митинглари ўтказган эди.

Қирғизистон суди 11 февралда Қурмонбек Бакиевни президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимида айбдор деб топиб, сиртдан 24 йилга кесган эди. Унинг укаси Жаниш Бакиев эса Медет Садирқулов қотиллигини амалга оширган шахс сифатида айбдор деб топилиб, сиртдан бир умрга озодликдан маҳрум қилинган.

Қирғизистон собиқ Бош прокурори Қубатбек Байболов суд қарори Бакиевни Бишкекка экстрадиция қилиниши учун асос бўла олади, деб ҳисоблайди.

-Суд қарори халқаро ташкилотлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Бироқ Белорус Бакиевни Қирғизистонга топширмайди, деб ўйлайман. Чунки Қурмонбек Бакиевга Белорус фуқаролиги берилган. Белорус қонунчилигида эса ўз фуқароларини бошқа давлатларга топшириш мумкин эмаслиги қайд этилган, -деди Қубатбек Байболов.

Белоруслик тадқиқотчи Александр Класковский ҳам бу фикрга қўшилади. Унинг айтишича, Бакиев масаласи Лушанеко учун “принцип иши”дир.

- Бакиевнинг мақоми суд томонидан жиноятчи деб ўзгартирилганига қарамай, Белорус ҳукумати уни Қирғизистонга қайтармаслик учун барча имкониятларни ишга солади. Чунки бу масала Лукашенко учун” принципиал масаладир”. Негаки у Бакиевни қийинчиликда ёлғизлатиб қўймаслигини, унга қўлидан келган барча ёрдамини аямаслигини бир неча маротаба очиқ –ошкор билдирган. У ўз позициясида собит турибди. Лукашенко Бакиевни сиёсий қочқин деб ҳисоблайди, -деди Александр Класковский.

Қурмонбек Бакиев 2005 йил 24 март инқилобидан сўнг ҳокимиятдан ағдарилган президент Асқар Ақаевнинг ўрнини эгаллаган эди. Бироқ Бакиев ва унинг оиласи юритган сиёсат қирғизистонликларнинг жуда катта норозилигига сабаб бўлган. У 2010 йил 7 апрелида содир этилган инқилоб оқибатида ҳокимиятдан ағдарилиб, Белорусдан бошпана топган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG