Линклар

Ўзбекистон санъат музейида тропик минтақадан келтирилган тирик капалаклар кўргазмаси ўтказилмоқда. Кўргазмада Филиппин, Бирма, Малайзия, Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Африка давлатларида учрайдиган 15 турдаги камёб капалаклар намойиш этилмоқда.

Тошкент Санъат музейига ташриф буюрганлар митти мажвудотларнинг нафис ҳаракатлари ва парвозини томоша қилишлари мумкин.

Шу билан бирга, уларнинг дунёга келиши – қуртнинг пилла ўраб, ғумбакка айланиши, сўнг қанот ёзишини кузатиш имкони мавжуд. Музей ходимасининг айтишича, одатда, капалакнинг ғумбакдан чиқиш жараёни 2-3 кун давом этади ва буни кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Кўргазма ўтаётган кенггина зал полиэтелен билан ўралган, чироқ ва парогенераторлар билан таъминланган. Бу эса экзотик жонзотлар учун зарур мўътадил ҳарорат ва намликни таъминлашга хизмат қилади.

Бироқ экскурсоводнинг таъкидлашича, дастлабки иккита партия ғумбаклар кўргазма жойи келишувидаги чўзилишлар туфайли нобуд бўлди. Залда ҳароратнинг пастлиги туфайли ҳозир ҳам баъзи капалакларнинг қанотлари қуриб қолмоқда.



Бундан ташқари, жонли экспонатларнинг ўғирлаб кетилаётгани, қанотлари “эсдалик учун” юлиб олинаётгани ҳам кузатилмоқда.

Тошкентда қишнинг сўнгги кунлари ҳарорат тушиб кетган. Ташқарида совуқ ҳукм сураётган бир пайтда музей ичида ёз тароватини ҳис этиш мумкин.

Намойиш ўтаётган маскан тропик ўрмонни ёдга солади. Меҳмонлар орасида болалигини эслаб капалак кетидан қувлаб юрган катталар ҳам бор.

– Бугун одамларни қуруқ гербарий билан ҳайратга солиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам уларга тирик тропик капалаклар парвозини кўрсатишни мақсад қилганмиз. Лекин меҳмонлар жони қилдан ҳам нозик капалакларга зарар етказмасликларини жудаям истардик, – дейди музей ходимаси.

Ташкилотчиларга кўра, кўргазма 21 апрелгача давом этади.

Чипта баҳоси катталарга – 10 минг, нафақахўр ва талабаларга – 8 минг, 3-14 ёшли болаларга – 6000 сўм.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG