Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Гулнора Каримова: “Қуëш бўшатиши керак ойга ўрнини”


Тошкентдаги Ëшлар саройида 20 феврал куни ўтказилган шеърият кечасида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ўзи ëзган шеърларни ўзбек тилида ўқиб берди.

Тадбир буюк ўзбек шоири Бобур таввалудининг 530 йиллигига бағишланган эди.

Тадбирда иштирок этган тошкентлик журналист¸ shov-shuv.uz интернет нашри муҳаррири Жасур Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда бу тадбирнинг ўзбек шеърияти байрамига айланиб кетганини таъкидлади.

Ҳамроевга кўра¸ Гулнора Каримованинг кечада иштирок қилиб¸ ўзи ëзган “Шом” сарлавҳали шеърини ўзбек тилида ўқигани кўпларни ҳаяжонга солган.

"Бу шеър Гулнора Каримова тарафидан ўтган йили вилоятларга қилган сафар асносида ëзилган", дейди суҳбатдош.

Қалб торлари таранг¸
Шовқинли тўлқин¸
Сўнгида ой акси фақат.
Бир кун каби битта бу умр...
Товланади улар оловдай.
Дунëнинг товуши келар¸
Баъзида у жуда ҳам кучсиз.
Баъзида “тингла” деб уйғотар¸
Ер юзига парда тортилиб.
Минорадан таралар овоз¸ аммо..
Яна азалий ҳолат
Қуëш ҳам ботар¸
Бўшатиш керак ойга ўрнини.

Бу мисралар билан танишган ва исми айтилишини истамаган тошкентлик мунаққидга кўра¸ шеър аввалига русча ëзилиб кейин ўзбекчага ўгиртирилган.

- Декаденс (тушкун¸иложсиз) услубда ëзилган ўртамиëнадан паст бу мисраларда Ўзбекистондаги вазият кун ботишига ўҳшатилган. Шеърдаги асосий мужда қуëш ўз ўрнини ойга бўшатиб бериши керак¸ деган мисра ичига яширинган. Шеърий мажоз тизимида қуëш қари эркак¸ ой эса ëш қиз маъносида келади¸ дейди мунаққид.

Шеърият кечасида қатнашган Жасур Ҳамроевнинг Озодликка айтишича¸ тадбир давомида Бобур Бобомурод дохил бир нечта қўшиқчи шоирлар ҳам ўз ашъор намуналаридан ўқишган.

Бу шоирлар ëзган мисралар қўшиқчи Абдулла Шомағрупов тарафидан жонли тарзда ижро қилингани ҳам айтилди.

Гулнорага бағишланган мувашшаҳ

Тадбирда Ўзбекистон Ислом университиети домласи диншунос олим Саидабзал Саиджалолов Гулнора Каримовага бағишланган мувашшаҳ жанрида ëзилган ғазалини заррин рамкага солиб тақдим қилди.

Мувашшаҳ жанри талабига кўра¸ "Гулнора Каримова" деган жумланинг ҳар бир ҳарфига биттадан мисра битилган.

40 яшар мувашшаҳ устаси Саидабзал Саиджалоловни сўраб-суриштириб¸ Тошкент Ислом Университетидан топдик.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:00 0:00
Бевосита линк

Дарс орасидаги танаффусда биз билан экспромт суҳбат қилган диншунос олим Гулнорага аталган мувашшаҳни ëддан ўқиб берди.

Гўзалликка мудом ошно бўлибсиз¸
Умидбаҳш нигоҳдан кўнгиллар масрур.
Латофат-ла муҳаббатга тўлибсиз¸
Ноëб эҳсонингиз ҳаммага манзур.
Оромбахш сўзингиз ҳар дардга дармон.
Раҳмат дарëсидан бўлинг баҳраманд
Асло дилингизда қолмасин армон.

Бу мисралар ëнбошдан ўқилганида "Гулнора" деган исм кўринади. Ана шундан кейинги 8 сатрда "Каримова" деган сўз ҳам мувашшах рамкасига тиқилади.

Бу сатрлардан бирида Гулнора Каримовага қарата шоир “Раҳнамолик юки тоғдан-да оғир”¸ дея дардкашлик қилади.

Лутфий¸ Фузулий ва Навоий каби устоз санъаткорлар камолига етказган мувашшаҳ жанри ҳақида батафсил гапирган Саидабзал Саиджалолов бу гапларнинг расман интервю эмаслигини таъкидлаб¸ овозли тарзда эфирга бермаслигимизни илтимос қилди.

Саидабзал Саиджалолов билан суҳбат асносида маълум бўлишича¸ диншунос олим анчадан бери мувашшаҳ жанрида қалам тебратиб келади.

Бундан олдин Саиджалолов Кавказ муфтийси Оллошукур Пошшозодага бағишлаб мувашшаҳ ëзган.

"Гулнора Каримова билан учрашувдан кейинги ҳаяжоним ҳали ҳам босилмади"¸ дейди диншунос олим.


Танқидга муҳтож шеърият

Тадбирда қатнашган журналист Жасур Ҳамроевга кўра¸ шеърият кечасида шаклан баланпарвоз¸ мазмунан саëз шеърлар ҳам кўп бўлган.

- Айнан мана шундай тадбирлар кўмагида бемаза шеърлар камйишига эришиш мумкин¸ дейди Жасур Ҳамраев.

Ҳамроевга кўра¸ бу ўринда Ўзбекистон президентининг шоира қизидан ўрнак олса арзийди.

Тадбирда Гулнора Каримова шеърий мисрларнинг баландпарвоз эмас балки сокин ва чуқур мазмунли бўлиши ҳақида шоирларга маслаҳат берган.

Бу гапларга илова сифатида Гулнора Каримова ўзининг 2007 йили ëзган шеърини ўқиб берди.

Бир ëпиқ лабиринт халқаси – дунë
Айланиб чопасан унда бефойда...

Ўзбекистон Президентининг 41 яшар тўнғич қизи Гулнора Каримова шоирликдан ташқари ўзини қўшиқчи¸ рассом¸ дизайнер¸ ҳайкалтарош¸ бастакор¸ заргар¸ муқова устаси ва мискар сифатида тақдим этиб келади.

Айни пайтда Каримова хоним номи ушу спортининг қора белбоғ соҳибли жангари устаси¸ дипломат ва миллиардер тадбиркор сифатида ҳам тамсил қилинади.

Гулнора Каримова 2003 йилда АҚШнинг НюЖерси (New Jersey) суди тарафидан отасидан изнсиз тарзда болаларни мамлакатдан олиб кетганликда айбланган эди.

XS
SM
MD
LG