Линклар

Қозоғистоннинг Олмота шаҳрида дунёнинг олти қудратли давлати ва Эрон вакиллари ўртасида Теҳроннинг ядровий дастури бўйича музокаралар бошлади. Бироқ, Европа Иттифоқи расмийси икки кунлик сўзлашувдан жиддий натижа кутилмаётганини айтди.


26 феврал куни Қозоғистоннинг Олмота шаҳрида дунёнинг олти қудратли давлати ва Эрон вакиллари ўртасида Теҳроннинг ядровий дастури бўйича навбатдаги музокаралар бошланди.

Сўзлашув давом этаётган пайтда ўтказилган матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат ва хавсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майкл Манн журналистларга Ғарб давлатлари музокаралардан жиддий натижа кутмаётганини айтди.

Манн АҚШ, Британия, Франция, Россия, Хитой ва Германия билан Эрон вакиллари ўртасидаги Олмота учрашуви Теҳроннинг ядровий дастури борасида 10 йилдан бери давом этиб келаётган муаммога ечим топишда олдинга ташланган қадам бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- ЕИнинг олий вакили Кэтрин Эштон АҚШ, Британия, Франция, Россия, Хитой ва Германия вакиллари билан бирга Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ муаммони дипломатик йўл орқали ҳал этишни мақсад қилган. Эрон ушбу музокараларда реал муваффақиятга эришилиши муҳимлилигини англаши лозим. Олмота учрашуви узоқ муддатли келишувга эришиш учун жиддий музокарлар бошлашга йўл очадиган ҳақиқий имкониятдир, дея баён қилди Майкл Манн.

Олмота шаҳридаги музокаралар саккиз ой олдин Москвадаги сўзлашувлар натижасиз тугаганидан бери томонлар ўртасидаги илк учрашувдир.

Музокараларда Теҳрон атом бомбаси яратиш учун зарур бўлган уранни бойитиш дастуридан воз кечиши эвазига қудратли давлатлар Эронга иқтисодий имтиёзлар беришни таклиф этиши кутилмоқда.

Майкл Манн таклиф ҳақида батафсил маълумот бермади. Бироқ Манн Ғарб давлатлари таклифи Эроннинг позициясини юмшатишига туртки бўлиши мумкинлигига умид қилинаётганини айтди.

- Бизнинг янги таклифларимиз Эроннинг ядровий дастури борасида халқаро ҳамжамият томонидан билдириб келинаётган хавотирларга, айни пайтда, Эрон илгари сурган фикрларга жавоб бўла олишига умид қиламиз, деди Майкл Манн.

Хабарларга кўра, дунёнинг олти қудратли давлати Эронга қарши жорий қилинган санкцияларни юмшатиш, жумладан, Эроннинг олтин ва қимматбаҳо металлар сотиши ҳамда халқаро банк фаолиятига қўйилган чекловларни юмшатишни ўз ичига олади.

Ғарб давлатлари ўз таклифи эвазига Эрондан 20 фоизгача бойитилган уран ишлаб чиқаришни тўхтатиш ва уранни бойитиш билан шуғулланаётган барча объектлар фаолиятини тўхтатишни хоҳлайди.

Эрон атом қуроли яратишга уринаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилиб ўзининг уранни бойитиш дастури тинч мақсадга қаратилганини таъкидлаб келмоқда.

Олмота учрашувида қатнашаётган Эрон делегацияси аъзоси Маҳмуд Муҳаммадий музокараларни боши берк кўчадан чиқариш учун Теҳрон ўз таклифларига эга эканини айтди.

Аммо Муҳаммадий Эрон томони таклифларига оид тафсилотларни ҳозирча ошкор қилмади.
XS
SM
MD
LG