Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:19

Тошкент тўйхоналаридан


Тошкентликлар орасида номи танилган серҳашам тўйхоналардан бири.
Тошкентликлар орасида номи танилган серҳашам тўйхоналардан бири.
Озодлик ҳамкори сўнгги кунларда аҳоли эҳтиёжи ортиб бораётган Тошкентдаги тўйхоналардан фоторепортаж йўллади ва суратга олар экан, тўйхоналарда гувоҳ бўлгани айрим қизиқ жиҳатларни қоғозга туширди.


Сўнгги йилларда аҳоли орасида маросимларни кафе ва ресторанларда ўтказиш кенг тарқалди.

Олдинлари ресторанларда тўй ўтказишга бой одамларнинг қурби етарди. Ҳозир шаҳарларда тўйхонага талаб кучли ва тўй учун махсус ресторану кафелар етарлича топилади.

Эсимда бор¸ олдинлари ҳовлида болалар майдончаси ўрнига махсус тўйхоналар қуришарди. Ҳозир бу тўйхоналарга зарурат йўқ. Ота-оналар эса болалар учун майдонча қурилишини талаб қилмоқдалар.

Аммо, фарзандлари улғаяр экан ўзбеклар уларга бўлган муҳаббатини дабдабали тўй билан ифода қилишни одат қилишган. Шунинг учунми, оддий оилаларда болалар тўйиб гўшт ёки бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини емасада, лекин дабдабали тўйни қилиб беради.

Зеро, халқимизда ажойиб мақол бор: Топганинг тўйга буюрсин!



Одамлар кўп пул сарфламаслиги учун ҳукумат вақти-вақти билан маросимларни ўтказиш тўғрисида қарор ва фармонлар чиқиб туради. Бироқ, бу қарорларнинг таъсири ҳали-ҳануз тўйхоналарга етиб бормаган кўринади.

Тошкентда ўртаҳол бир оила тўй ўтказиш учун ўртача 5000 АҚШ доллари сарфлайди. Бу ҳаражатга хонанда ва ичимликлар кирмайди.

Меҳнат мигрантларининг кўпчилиги шунақа тўйларни қилиш учун пул топиш илинжида чет элларга кетади.

Менимча¸ халқнинг ўзи асл мантиғига тушуниб етмагунича, ҳеч қандай қарор ëки фармон билан серҳаражат тўйларни тартибга солиб бўлмайди.

Аксинча, ўзларини "янги ўзбек", деб атайдиган бойлар тўйларини нархлари анча юқори бўлган меҳмонхона ресторанларида ўтказаркан, уларга етишиш учун ким ўзарга пул сарфлаётган пойтахтликлар кўпаяётганини кузатиш мумкин.

Тошкентдаги энг етакчи тўйхоналарда пайдо бўлаётган тўй кечаси маросимлари ҳам кундан-кунга ғарбона тус олиб бораётганини ҳам эътироф этиш керак.

Сўнгги урфлардан бирига кўра, тўй кечаси ота қизини куëвининг ëнига етаклаб келади. Тўй якунида эса куёв билан чимилдиққа йўл олаётган келин қўлидаги гулдастани ортида қолаётган дугоналарига қарата отади...

Хуллас, нимасини айтай, Тошкент тўйхоналарида гапирай десангиз, гапиришга арзигурлик гап жуда-жуда кўп...


Тошкентдан, Озодлик ҳамкори.
XS
SM
MD
LG