Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:38

Олмaота музокаралари мавҳум натижа билан якунланди


Теҳрон музокарачиси Саид Жалилий ғарб давлатларининг бу галги таклифларини "нисбатан амалий", деб баҳолади.
Теҳрон музокарачиси Саид Жалилий ғарб давлатларининг бу галги таклифларини "нисбатан амалий", деб баҳолади.
Ғарб ва Теҳрон ҳукуматлари расмийлари бу галги учрашувда бир битимга келиш учун умид учқунлари туғилганини таъкидласада, тафсилотларни апрелда бўладиган навбатдаги учрашувга қадар очиқламасликка қарор қилдилар.

Эрон ядровий дастурига оид дунёнинг олти йирик давлати ва Теҳрон расмийлари ўртасида бораётган Олмота музокаралари яна мавҳум натижа билан якунланди.

Чоршанба куни бўлган икки соатлик музокаралар натижаси бўйича берилган брифингда томонлар ўртага ташланган таклифлар бўйича музокараларни шу йилнинг апрел ойида давом эттиришга келишгани маълум қилинди.

Навбатдаги музокаралар ҳам Олмота шаҳрида бўлиб ўтади.

Эрон музокарачиси Саид Жалилий ғарб давлатлари - АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция ҳукуматлари томонидан таклиф қилинган бу галги имтиёзларни "аввалгисига нисбатан амалий", деб топганини айтди.

Ғарб давлатлари номидан музокараларга бошчилик қилган Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича комиссари Кэтрин Эштон эса апрел музокараларида Эрон томонидан ижобий жавоб бўлишига умид билдирди.

Музокараларда уранни тўйинтиришга оид дастурларни тўхтатиши эвазига Теҳрон ҳукуматига янги имтиёзлар ва санкцияларнинг юмшатилиши таклиф қилинди.

Аммо, ғарб ҳукуматлари томонидан таклиф қилган "янги имтиёзлар" нимадан иборатлиги ҳақида матбуотга аниқ маълумот берилмади.

Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майкл Манн сешанба куни Олмота музокараларда натижага эришилмаслигидан хавотир билдирган эди.

Аммо, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков сешанба кунги сўзлашувларда илгари силжиш бўлгани ва чоршанба куни томонлар астойдил уринса, яхши натижа эришиш мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.

Хабарларга кўра, музокаралар якунида бўлган брифингда бу баёнотларни эслатган журналистлар саволларига жавобан апрелга қадар кутиш тавсия қилинган.

Бунга қадар Эрон ядровий тадқиқотларини тўхтатишга эришиш ниятида ўтказилган оҳирги музокаралар 9 ой муқаддам Москвада бўлган ва натижасиз якунланган эди.

Ғарб ҳукуматлари Эроннинг ядровий дастури атом қуроли яратишга йўналтирилгани борасида ҳавотир билдириб, Ислом Республикасига нисбатан қатор санкцияларни жорий этган.

Эрон ўз ядровий дастурининг фақат тинч мақсадларни кўзлашини урғулаб келади.
XS
SM
MD
LG