Линклар

Ўзбек милиционерларини “порахўр”, дея сўккани акс этган видеотасвир интернет ва қўл телефонларида тарқатилган ўзбек қўшиқчиси Абдулла Қурбонов 22 феврал куни лицензиядан мосуво қилинди.


Хозир АҚШда сафарда бўлган Абдулла Қурбоновнинг лицензиядан маҳрум қилингани ҳақида “Ўзбекнаво” давлат эстрада бирлашмасининг расмий сайтида эълон қилинди.

Расмий билдириш

"Хонанда Қурбонов Абдулла Акбарович томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сонли Қарори ҳамда Лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузиб келинганлиги сабабли хонандага берилган АJ-2326-рақамли лицензиянинг амал қилиши “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан 2013 йил 22 февралдан тугатилганлигини маълум қиламиз"¸ дейилади "Ўзбекнаво" 26 феврал куни тарқатган ҳужжатда.



Расмий ҳужжатда “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва ҳукумат қарорлари талабини бажариш ҳар бир хонанда ҳамда санъаткорнинг бурчидир”¸ деб эслатиб қўйилган.

Абдулла Қурбоновнинг маъмури Акмал Қурбонов лицензия билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлаëтганини Озодлик билан суҳбатда айтди.

- Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Кеча бориб лицензия учун пулни тўлаб келдим. Илтимос вазиятни бўрттирманлар¸ иложи бўлса интернетга ҳеч нарса чиқармай туринглар¸ деди Абдулла Қурбоновнинг укаси ва маъмури Акмал Қурбонов Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ айни пайтда Тошкент ва вилоятлардаги аксарият қўл телефонларида Абдулла Қурбоновнинг ўзбек милициясини “порахўр”, деб сўккани акс этган тасвирлар томоша қилинмоқда.


YouTube қаҳрамони

Хонанда Абдулла Қурбонов ўтган йилнинг ноябр ойида Бўстонлиқдаги тўй базмидан чиқиб кабобхонага борган.

Кабобхонада нимадандир жанжал чиққанидан кейин Абдулла Қурбонов милиция бўлимига олиб кетилган. Милиция бўлимида хонанда қўлига кишан солиб тергов қилинган ва 10 суткага қамалган.

Орадан 3 ой ўтиб, Абдулла Қурбоновнинг милиция билан сан-манга боргани акс этган тасвирлар Ўзбекистон шоу дунëсида энг кўп муҳокама қилинган мавзуга айланди.

Тошкентдаги милиция бўлимларидан бирида қўли ўриндиққа кишанланган қўшиқчи Абдулла Қурбонов милиционерларни порахўрликда айблагани ва бўралаб сўккани акс этган видеотасвир 17 феврал куни Youtube порталига юкланган. (Диққат: Ушбу видеотасвирда ҳақоратли сўзлар бор - Таҳр.)

Youtube.com порталининг икки жойига қўйилган видеотасвирда Абдулла Қурбонов "ўзбек милиционерларининг онаси билан мустақиллик майдонида жинсий алоқа қиламан"¸ деган мазмундаги ҳақоратларни тилга олади.

“Ҳамманг порахўрсан¸ яқинда переворот бўлади¸ ҳаммангни .... “, дейди Абдулла Қурбонов интернетга қўйилган тасвирда.

Ўзбек қўшиқчисининг милиция зобитларига фаол қаршилик кўрсатгани баъзи интернет муштарийлари симпатиясига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Айни пайтда қўшиқчининг айрим мухлислари Озодлик билан суҳбатда унинг одоб доирасидан чиққанидан ташвиш ҳам билдиришди.

Биз бу тасвир ортидан хонанда Абдулла Қурбоновнинг ўзи билан боғланиб, унинг муносабатини сўраган эдик.

- Улар мени ҳеч бир сабабсиз кишанлаб онамни сўкишди. Мен ҳам милиционерларнинг онасини сўкдим. Ўғил бола бўлиб туғилганман, Худога шукр. Жонимга тегишди ва тегишли жавобини олишди¸ деб жавоб берди Абдулла Қурбонов Озодлик билан суҳбатда.

Озодликдаги бу суҳбат эълон қилинганидан кейин Тошкентда бир кечада 10 та тўйда хизмат қила олгани учун “бирров қироли”, деб ном қозонган хонанда Абдулла Қурбонов кўнгил очар сайтларнинг бош қахрамонига айланди.

Ўзбек шоу дунëсини ëритувчи shov-shuv.uz нашри муҳаррири Жасур Ҳамроевга суҳбат берган Абдулла Қурбонов ўз пушаймонлигини таъкидлаган.

"Албатта, пушаймондаман. Шу видеони кўрган ёшлар, санъаткорларга айтмоқчиманки, менинг бу хатоимни такрорламанглар! Бирон марта бундай қўполикка бормаганман, ахир. Ҳаммасига ичкилик сабаб бўлди. Бундан буёғига ички дардларимни, ҳасратларимни унга ошно тутинмасдан енгишга интиламан", деб айтган қўшиқчи ўз мухлисларидан бу тасвирларни қўл телефонларидан ўчириб ташлашларини илтимос қилган.


Санъаткор одоби

Интернетдаги Youtube.com порталига қўйилган тасвирда Абдулла Қурбоновнинг одоб доирасидан чиққан ҳолда милиция ходимларини сўккани акс этган.

Озодликнинг "Санъаткор жамиятда ўз одоби билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми?" деган саволига жавобан Абдулла Қурбонов ўзининг қуюшқондан чиққанини тан олган эди.

- Ёшлигимизда шўх бўлганмиз, маишат қилганмиз. Аммо вақт ўтиб, ўзингиз қилаётган ишларингизнинг тўғри ёки нотўғрилигини тарози палласида ўлчаб кўраркансиз. Биласизми, айримлар мени "гиёҳванд”, деркан. Астағфирулло, ҳаётимда қилмаганман бу ишни. Автоҳалокатга учраганимда ҳам роса миш-мишлар болалади. Шукрки, художўйман. Мени дуо қилиб турган ортимдан қанча одамларим бор. Қанчадан-қанча ногирон, меҳрибонлик уйларида етим-есир болаларим бор. Улар мени дада дейди, ака дейди. Мана ҳозир ҳам етимхонага бориб, уларни ҳолидан ҳабар олиб келяпман. Етимлар дуоси боис омон юрибмиз¸ деган эди санъаткор.


Куëвтўра Абдулла

Абдуллла Қурбонов 37 ëшда. Бир қиз уч ўғилнинг отаси. 1987 йилда "Анори донаю дона” қўшиғини айтиб таниқли қўшиқчи Фаррух Зокировнинг назарига тушган.

Ана шундан кейин 1990 йилда Фаррух Зокиров унга атаб “Куëвтўра Абдулла” номли қўшиқни ижро қилганидан кейин Абдулла Қурбоновнинг пилиги кўтарилиб, санъат оламида танилган эди.

Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида ишлаëтган қўшиқчи бор йўғи уч синфни битиргани¸ бошқа ўқимаганини айтган.

- Оллоҳ юқтирган ашулачиман. Ўз вақтида ўқимаган бўлсам ҳам, устозлардан ўрганганман. Муҳриддин Ҳолиқов, Фаррух Зокировларни устоз, деб биламан. Улардан кўп нарсани ўрганганман¸ деган эди хонанда.

Суҳбат сўнггида Абдулла Қурбонов Озодлик тингловчилари учун қўшиқларидан бирини хиргойи қилиб берган.

Ўзбекистон қўшиққа кон диёрсан,
Таъриф таснифи йўқдир, бағри баҳорсан.
Меҳнаткашу ҳалол соҳиби корсан,
Мен куйламай ким куйласин бахтингдан,
Аллоҳ таоллоҳ қайта берган тахтингдан.

Абдулла Қурбонов билан суҳбатни тўла тарзда қуйида тинглаш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG