Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

"Ўзбекистондаги қирғин" филми Женевада намойиш этилади


Швейцариянинг Женева шаҳрида 1 март куни очиладиган Халқаро инсон ҳуқуқлари филм фестивалида ўнлаб киноасарлар қатори “Ўзбекистондаги қирғин” филми ҳам намойиш этилади.

Етти йил мобайнида йиғилган материаллар асосида олинган “Ўзбекистондаги қирғин” филми муаллифи даниялик журналист Майкл Андерсонга кўра, дунё ҳамжамияти Андижон воқеаларини унутмаслиги учун тайёрланган асар илк бор катта экранда намойиш этилади.

- Женевадаги филм фестивали инсон ҳуқуқлари ҳақида ҳужжатли филмлар намойиш этиладиган дунёдаги энг йирик халқаро анжумандир. Филмнинг тўлиқ версияси илк бор бу каби катта филм фестивалида намойиш қилинади, дейди Андерсон.

Саксон дақиқалик филмда 2005 йил 13 май кунги Андижон воқеалари хроникаси ва бу ҳодиса ортидан Ўзбекистонда юзага келган бугунги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида ҳикоя қилинади.

Уч тил - рус, ўзбек, инглиз тилида суратга олинган филм Youtubeга қўйилганидан буён уни юз мингдан зиёд томошабин кўрди.

– Андижон воқеасидан буён деярли саккиз йил ўтганига қарамай, шу қонли ҳодисаларга қизиқиш сусаймаганини англатади бу, дейди Андерсон.



Женевада 2003 йилдан буён ўтказиб келинадиган халқаро филм фестивали бу сафар “Бир филм. Бир мавзу. Бир кураш” шиори остида бўлади.

Айни тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиллик сессияси бўладиган бир пайтга тўғриланган.

- Бу биз учун Ўзбекистонда Андижон қирғинидан деярли 8 йил ўтиб юзага келган инсон ҳуқуқларига оид аҳвол, мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримованинг жинояткорона қилмишлари ҳақида гапириш учун қулай фурсатдир, дейди Майкл Андерсон.

“Ўзбекистондаги қирғин” филми 1 март куни соат 21:00да Женеванинг “Grutli” санъат саройида намойиш этилади.

Филм намойишидан сўнг даниялик журналист Майкл Андерсон, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчики Крейг Мюррей ҳамда Франциядан бошпана топган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли, собиқ сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоева иштирокида алоҳида учрашув ҳам бўлади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:01 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG