Линклар

Франциядан бошпана топган ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон қамоқхонасида қийноққа тутилиш билан бирга мажбурий стерилизация қилингани юзасидан ҳам БМТга шикоят аризасини киритди.

Франциядаги FIDH ҳамда Буюк Британиядаги REDRESS ташкилотлари кўмагида тайёрланган шикоятда "Ўтюраклар клуби" ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон қамоқхонасидаги тиббий амалиётда ўз ихтиёрига қарши бачадони олиб ташланганини даъво қилган.

Ҳуқуқ фаоли унинг изнисиз ўтказилган бу амалиётни "мажбурий стерилизация", деб ҳисобламоқда ва шу асосда БМТга арз қилишга қарор қилганини айтмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Мўътабар Тожибоева уни операцияга тайёрлашаётган пайтда Тошкент шаҳар Онкология диспансери шифокорлари бачадоннинг олиб ташланиши ҳақида маълумот бермаганини айтмоқда.

- 2008 йил март ойида операция қилишган эди. Мен ўшанда улар мени жисмонан йўқ қилиш учун шу операцияни уюштиришяпти, деб ўйлаганман ва операциядан воз кечиш ҳақида ариза ҳам ёзиб берганман. Ҳайратланадиган жойи операциядан чиққанимдан кейин ҳам менга бачадоним олиб ташланганини айтишмаган, дейди Тожибоева.


Ҳуқуқ фаолига кўра, ўзбекистонлик шифокорлар ҳалигача унга тушунтириш бермаган.

- Озодликка чиққанимдан сўнг жуда кўп докторлар билан гаплашдим. Операциядан уч ой ўтгандан кейин қўлга киритишга эришганимиз бир варақ касаллик тарихи ҳақидаги хулосага қараб, докторларнинг айтиши бўйича бачадонни олиб ташлаш шарт бўлмаган, дейди Тожибоева.

Ҳозир ҳуқуқ фаоли ўзига етказилган руҳий ва жисмоний зарар учун товон ундириш, бу амал учун масъулларни жавобгарликка тортиш ҳамда ўтказилган жарроҳлик амалиётлари ҳақида батафсил тиббий маълумот берилишини талаб қилмоқда.

Мўътабар Тожибоева АҚШнинг собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва АҚШнинг биринчи хоними Мишел Обама билан. 2008 йил.

Мўътабар Тожибоева АҚШнинг собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва АҚШнинг биринчи хоними Мишел Обама билан. 2008 йил.

Мўътабар Тожибоева 2005 йили Ирландиядаги ҳуқуқ фаоллари халқаро анжуманига жўнаб кетишидан аввал ҳибсга олиниб, солиқларни тўламаслик, қаллоблик ва ноқонунуий гуруҳга аъзолик каби қатор айбловлар асосида 8 йил қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Мўътабар Тожибоева ҳуқуқ фаоли соҳасидаги фаолияти учун 2008 йили Мартин Энналс халқаро мукофтига сазовор бўлган.

Шунингдек, у АҚШ Давлат департаментининг "Жасоратли аёл" мукофотига ҳам сазовор бўлган. Кейинчалик у Вашингтон маъмуриятининг Ўзбекистон билан алоқаларини илиқлаштиришга уриниши ортидан бу мукофотдан воз кечганини ҳам айтган эди.

Тожибоева Халқаро Нобел мукофотига номзодлар рўйхатига ҳам киритилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG