Линклар

Тошкентдаги Ғафур Ғулом нашриётида “Китоб – даромад манбаи” номли тадбирни ўтказишни кўзлаётган ташкилотчилар бундан мақсад китоб тарқатувчиларни моддий рағбатлантириш эканини айтмоқда.


Бу ҳақда Озодликка билдирган Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйининг ўзини Дилором опа, деб таништирган ходими мазкур баҳорги акция лицейлар, коллежлар, олий ўқув юртлари талабалари орасида ўтказилишини айтди.

- Жорий йилнинг 1 мартидан 31 майига қадар ўтказиладиган “Китоб – даромад манбаи” тадбиридан мақсад китоб тарқатувчиларни моддий рағбатлантиришдир. Тадбир иштирокчиларига ҳар бир сотилган китобдан 10% миқдорда нақд пул берилади. Тадбир давомида бу борада ўз қобилиятини намойиш этган иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Уларнинг айримлари савдо агенти сифатида ишга олинади¸ деб маълум қилди нашриëт вакили.

Ўзбекистон Миллий университети Филология факултетининг Нодир исмли талабасининг Озодликка айтишича¸ бу тадбир янгилик эмас.



Унинг сўзларига кўра, бундай тадбирлар ортидан олий ўқув юртларида ўқитувчилар бошчилигида талабаларни китоб сотиб олишга мажбур қилиш жараёни бошланади.

- Талабаларни китоб сотиб олишга мажбурлаш доим бўлган. Биз учун қизиқ бўлмаган китобларни сотиб олишга мажбур бўлар эдик. Чунки китоб сотаëтган домла билан низога киришмасликни маъқул кўрар эдик. Ғафур Ғулом нашриёти тадбири шу холатга жиддий расмий тус берди¸ дейди талаба.


Китоб - билим манбаи

Романлари китоб магазинларида яхши сотилгани боис тузуккина даромад қилаëтганини айтган ëзувчи Ҳабиб Темиров “Китоб – даромад манбаи” деган калимадан кўра “Китоб — билим манбаи” деган жумлани маъқуллашини таъкидлади.

- Албатта, китоб билим манбаи. Бу бирламчи. Китоб яхши ëзилган бўлса у¸ албатта ўқувчисини топади. Уни тиқиштириш шарт эмас. Масалан, мен яқинда ëзган “Генералнинг беваси” деган китоб тезда сотилди. Бировларга совға қилай, деб китоб магазинига борсам тутгаб қопти¸ дейди ëзувчи Ҳабиб Темиров.

Суҳбат асносида Ҳабиб Темиров ўтган асрнинг саксонинчи йилларида совет ҳукумати раҳбари Леонид Брежнев ëзган китобларнинг мажбуран тарқалганини эслаб¸ “Ҳозир унақа давр эмас¸ талабаларимиз онгли¸ уларга китоб тиқиштириш керак эмас”¸ деган фикрни таъкидлади.

Айни пайтда халқи 30 миллионна етган мамлакатда ëзувчилик қилаётган Ҳабиб Темиров бир кун келиб, китоблари учун олган қалам ҳақидан миллионер бўлишга ишонади.


Китоб – даромад манбаи

Тошкентдаги “Чўлпон” нашриëти болалар ва ўсмирлар учун китоб чоп қилиб¸ катта даромад кўрмоқда.

Нашриëт директори Азим Бобоназаров Озодлик билан суҳбатда мамлакат болалари учун чиқарилаëтган китоблар зудлик билан сотилиб, катта даромад келтираëтганини айтди.

- Айниқса¸ эртак китобларини қайта-қайта чиқаряпмиз. Фарзандларимиз китобга ташна. Китобнинг матбаа сифати яхши бўлгани учун ҳам тез сотилмоқда. Нашриëтимизда чиқарилган “Эртаклар” китоби Москва ва Ашхободдаги китоб ярмаркалари бош совринини олди¸ деб таъкидлади суҳбатдош.


Президент китобидан чўтал

Ўзбекистон Миллий университети талабаси Нодирбек Озодлик билан суҳбатда олий ўқув юртларида мажбуран сотилаётган китоблар орасида ўзбек тилидаги бадиий китобларнинг йўқлиги, агар бўлса, талабалар ўз ихтиёри билан харид қилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

- Бизга мажбуран тиқиштирилаëтган китоблар¸ асосан сиëсий ва илмий адабиëтлар. Домлалар ўз ҳисобидан китоб чиқаришади. Кейин эса студентларга сотиб, ҳаражатини чиқариб олишади¸ дейди суҳбатдош.

Нодирбек талабалар сотиб олишга мажбур қолаётган китоблар орасида президент Каримовнинг китоблари ҳам борилигини айтди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 12 жилдлик китоби талабалар учун таълим жараёни давомида ўқиш шарт қилиб қўйилган адабиëтлар рўйхатига киритилган.

Шу боис, Ғафур Ғулом нашриёти раҳбарлари “Китоб – даромад манбаи” тадбири доирасида Ислом Каримовнинг китобларини ҳам сотишни режалаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG