Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:21

Москвада ўзбеклар муҳожирни ҳимоя қилувчи ташкилот тузди


“Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти қошида тузилган “Ёрдам” номли бу марказнинг муҳожирлар ҳақлари бўйича барча қонунбузарликларни ўз назоратига олиши ва бепул хизмат кўрсатиши айтилмоқда.


"Ёрдам" ҳамма-ҳаммага ёрдам беради

Москвада муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иш бошлаган марказнинг Россияга бориб, оғир вазиятларга тушиб қолаётган, ҳақ-ҳуқуқлари топталаётган ва миграция соҳасига оид муаммолар билан дуч келаётган фуқароларга кўмак бериш ниятида тузилгани айтилди.

“Ёрдам” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази фаоли Ахмет Умаровга кўра, марказ ёрдами фақатгина ўзбекистонлик муҳожирлар билан чекланмайди.

- Бу Марказий Осиё республикалари фуқароларига кўмак бериш марказидир. Шу сабабли ҳам тожик, ҳам ўзбек, ҳам бошқа муҳожирларга тушунарли бўлиши учун биз унга “Ёрдам” деб ном бердик. Бундан ташқари, биз нафақат юзага келган вазиятни, балки унинг сабабларини ўрганиб, таҳлил қилиб борамиз. Келажакда бу таҳлил натижалари ва муаммога қарши қандай курашиш кераклиги бўйича фикр-мулоҳазаларимизни жамоатчиликка таклиф этиб борамиз, дея маълумот берди Ахмет Умаров.


Муҳожирларнинг муаммоси кўп

“Ёрдам” жамоатчилик ташкилотининг болалар ва аёллар муаммолари билан шуғулланаётган мутахассислардан бири Зебогул Муқимова Россиядан фуқаролик олганига қарамасдан ўзи ҳам ҳанузгача кўплаб муаммоларга учраётганини айтди.

- 10-15 йил олдин келганларнинг ҳам айримлари легал, қолганлари нолегал яшайди ва турли муаммоларга дуч келади. Масалан, ёш болалар ҳам милицияга тушяпти. Менинг 4 болам бор. Келаётганларнинг кўпчилиги оиласи билан келишни бошлади. Ҳаммасида 2-4 тадан бола бор. Аёллар муаммога учраса, қаерга боришни, қаердан ёрдам сўрашни билмайди. Қолаверса, рус тилини билгани билан қонунларни билмайдику. Шуларга ёрдам беришни мақсад қилдик, дейди Зебогул Муқимова.


Миллатчилик ҳаракатлари мониторинг қилинади

Ташкилот Россияда сўнгги пайтларда авж олаётган миллатчилик муаммолари мониторингини ҳам олиб боради.

Марказнинг миллий озчилик масалалари бўйича мутахассиси Жабраил Дадаев ҳозир Россияда, ҳатто юқори лавозимли шахслар ирқчилик ва миллатчилик руҳида қилинган баёнотлари учун жавобгарликка тортилмаётганини айтади.

- Бугун нафақат муҳожирлар, балки биз каби миллий озчилик бўлган кавказликлар ҳуқуқлари ҳам қўпол равишда топталмоқда. Масалан, Сердюков каби собиқ вазирлар кавказликларга хизмат қилишни таъқиқлаётган бўлса, бу нима деган гап?! Ваҳоланки, Шимолий Кавказ ва Доғистон Путинга ва унинг “Ягона Россия” партиясига қарийб 100 фоиз овоз берган. Ишонаманки, “Ёрдам”да мен шу муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссамни қўшаман, дея ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди Жабраил Дадаев.

“Ёрдам” ташкилоти Москва шаҳри ва вилоятида ўз фаолиятини бошлаб, кейинчалик Россиянинг бошқа ўлкаларида ҳам бўлинмаларини очишни режаламоқда.

“Ёрдам” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази Москва шаҳрининг Каретний тор кўчаси, 12-уйда жойлашган.

Ташкилот раҳбари Баҳром Ҳамроев ва марказнинг бошқа аъзолари билан қуйидаги телефонлар орқали боғланиш мумкин:

+ 7(925)-244-91-55
+ 7(968)-731-85-79

Қуйида ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:21 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG