Линклар

Ўзбекистонда тийиннинг пул бирлиги сифатида савдо муомаласидан чиқиб кетганига кўп йиллар бўлишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ундан расман воз кечмаган, воз кечиш ниятини билдирмаган ҳам.

Би-Би-Си мухбири Лора Грей ўзбек тийини ҳақидаги мақоласида бу пул бирлигини дунёдаги энг қадрсиз ва фойдасиз танга, дея атади.

Иқтисодчилар ҳисоб-китобларига кўра, бир америка центи қарийб 2000 ўзбек тийинига тўғри келмоқда.

Бир АҚШ доллари Ўзбекистон "қора бозори"да шу кунларда 2700 сўм ёки 270 минг тийин бўлган бир пайтда, дўкондан нон сотиб олиш учун қанча қоп танга кўтариб бориш мумкинлигини фақат тасаввур қилиш мумкин.

Боиси, тийиннинг савдо муомаласидан чиқиб кетганига кўп йиллар бўлди. Гарчи, расман муомалада ҳисоблансада, ўзбекистонликлар бир тийинлик тангани охирги марта қачон кўрганини эслаши анча мушкуллигини айтмоқда.

- Бир тийинни айтасиз, бир сўмни кўрганмисиз, деб сўранг. Бу боришда юз сўм, минг сўмликларни ҳам қанақа бўлганини унутиб қўямиз, дейди тошкентлик Адҳам.



Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати расмийларидан бирининг айтишича, ҳукумат яқин-атрофда тийиндан воз кечмоқчи эмас.

- Сайтимизга қарасангиз бир тийин ҳали ҳам турибди. Қадри тушди, деб тийиндан воз кечиладиган бўлса, АҚШнинг бир центидан ҳам воз кечишга тўғри келади. Бир центга ҳам ҳеч нарса бермайдику, дейди Марказий банк расмийси.

Лекин Канада ҳукумати ишлаб чиқарилиши нархидан қимматга тушаётгани боис ушбу ойда ўз центидан воз кечди.

Буюк Британиядаги айрим фаоллар ҳам бир пенни миқдоридаги тангани бекор қилиш талаби билан чиқмоқда.

Улар ҳам харид қиймати деярли йўқолиб бўлган бир пеннини чиқаришдан маъно йўқ, майда чақаларни кўтариб юриш ва улар билан ҳисоб-китоб қилиш катта муаммо эканини айтишади.

Британиянинг бир пенниси ҳозирги кунда 3038 ўзбек тийинига тенглиги инобатга олинса, британияликлар ўз чақаларидан шикоят қилишмаса ҳам бўлади.

Ҳозир қадрсиз тангалар орасида ўзбек тийини олдига тушадигани йўқ.

2009 йилда Зимбабвенинг энг майда тангаси АҚШ долларига нисбатан 10 триллионга етгач, уни бекор қилишга мажбур бўлган эди.

Шу боис, ўзбек тийини дунёдаги энг қадрсиз тангалар рўйхатида олдинга чиқиб қолди.

Қадрсиз тангалар рўйхатидаги иккинчи ўринда Бирма тангаси бўлган пай турибди. Бир АҚШ центи 855 пайга тенг.

Жаҳон бўйлаб энг арзон тангалар рўйхати давомида Танзания центи, Шимолий Корея чони, Шриланка центи ва бошқалар тангалар келтирилган.

Дунёнинг энг қадрли тангаси эса Норвегия кронасидир. Бир Норвегия кронаси 18 АҚШ центига тенг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG