Линклар

Намаганда пластик карталардан миллионларни ўмарган банкир ушланди


Сирдарёда бир гуруҳ солиқчилар мансаб сохтакорлигида айбланди. Қўшиқчи Лола съёмка вақти чўкиб кетишига бир баҳя қолди. Ўзбек рассомлари асарлари Лондон кимошдисида сотилади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Халқ банки” мансабдори 63 миллион ўзлаштирди”

“Халқ банки”нинг Наманган филиалида пластик карточкалар билан ишлаш шўъбаси бошлиғи лавозимида ишлаган Хуршидбек Воҳидов мижозларга тегишли катта миқдордаги маблағни ўмаришда айбланиб, қўлга олинди (“Диёнат”, 28 феврал). Воҳидов “Халқ банки”нинг Тошкентдаги бош офисига келиб, пластик карточкалар билан ишлаш бошқармасидан банк сири саналган маълумотларни ўғирлаб олган. Мазкур маълумотлар асосида банкнинг Наманган вилоятидаги 9 та бўлимида 565 мижоз номига расмийлаштирилган пластик карточкалардан 63 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган.

“Дафъатан ўйга толасан. Демак, банк соҳасида ишловчиларни бирор вазифага тайинлашдан аввал ходимга билдириладиган ишонч борасида атрофлича ўйлаб кўриладиганга ўхшайди”, дея хулоса қилади Косонсой тумани прокуратураси вакили Отабек Рустамов.

“Сирдарёда солиқчилар мансаб сохтакорлигида айбланди”

Сирдарё тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А. Раимбердиев хизмат вазифасига совуққонликда айбланди (“Адолат кўзгуси”, 28 феврал).

Қайд этилишича, туман солиқ идорасининг А. Охунов, А. Нусратов, С. Исаев, Ш. Авазов, Д. Ғиёсов, А. Йўлдошев каби нозирлари ҳам ваколатини суиистеъмол қилиб, давлат ва фуқаролар манфаатига катта миқдорда зарар етказган.

Масалан, нозирлар Д. Ғиёсов ва А. Йўлдошев пора ундириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштириш орқали якка тартибдаги тадбиркор дўконида ноқонуний текширув ўтказган. Ш. Авазов эса ундирилган солиқларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган. Газетада ёзилишича, жиноятларда айбланган солиқчиларга амнистия акти қўлланилган.

“Қонунга зид қарор қабул қилган ҳокимликларга чора кўрилди”

Жойлардаги маҳаллий ҳокимият идоралари ҳужжатларида қонунчиликка зид талаблар мавжудлиги, шунингдек, ўз кучини йўқотган қонунларга таяниш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги вакили Муродилла Турсунметов “Адолат” газетасига маълум қилади.

Масалан, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ҳокими ўз қарорида 2008 йил 11 июлда ўз кучини йўқотган “Ўзбекистон Республикасининг ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига асосланган. Шунингдек, айрим ҳокимликлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлашда қонунчилик техникасига риоя этмаган. Адлия вазирлиги расмийси Турсунметовга кўра, маҳаллий ҳокимият идоралари қонунчилик талабини бузиб, ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини адлия органлари экспертизасидан ўтказмасдан қабул қилган. Маълум қилинишича, қонун бузилишига йўл қўйган 5 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 11 та қарор бекор қилинган.

“Хонанда Лола съёмка пайти чўкиб кетишига бир баҳя қолди”

Таниқли хонанда Лола Йўлдошева “Қайтмайди” қўшиғига клип олиш жараёнида чўкиб кетишига бир баҳя қолди (“Даракчи”, 28 феврал).

Суратга олиш республиканинг тоғли ҳудудларида бўлиб ўтган. Клип таъсирчан ва ишонарли чиқиши учун хонанда -10 даража совуқда муз устида оёқ яланг юришга розилик берган. Аммо муз устида қўшиқ куйлаётган пайтда унинг бехосдан ёрилиши натижасида сувга тушиб кетган.

Ижодий гуруҳ Лолани зудлик билан сувдан олиб чиқишга муваффақ бўлган. Қайд этилишича, кутилмаган фалокат сабабли тасвирга олиш ишлари орқага сурилган. Қўшиқчи соғлиғини тиклаш учун маълум вақт даволанган.

“Сувни исроф қилаётганлар танқид қилинди”

Экология мавзусидаги нашр сувни исроф қилиш ҳолатларини танқид остига олди (“Экоҳаёт”, 27 феврал).

“Баъзи ҳудудларимизда экинни бостириб-бостириб суғориб, гўё “ўрдак боқса бўладиган” даражада кўллатмаса, кўнгли жойига тушмайдиганлар бор. Баъзида бир шиша ичимликни, бир дона қовун ёки тарвузни совутиш учунгина соатлаб сув оқизиб қўядиган кишилар йўқми? Ёки бўлмаса, автомашина ювиш учун бир-икки челак сув ишлатилса ҳам бўлади. Аммо... Йўқ, узун шлангда меъёридан ўн-юз чандон зиёд тоза ичимлик сувини исроф қиладилар. Гўё бу сув деганлари битмас¬-туганмас манба!” дея куюнчаклик билан ёзади И.Авалбоев. Муаллиф ер майдонларини томчилатиб суғоришни таклиф қилади. Таъкидланишича, томчилатиб суғориш усули сув ва ўғитни икки баробар тежайди.

“Ҳаводан қарз ҳисоблаган газ идорасига жарима солинди”

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар газ идораси истеъмолчилардан 263 миллион сўмдан ортиқ асоссиз тўлов ундиргани маълум бўлди (“Истеъмолчи”, 28 феврал).

Хўжалик суди қарори билан асоссиз қарз ҳисоблаган газ идорасига кўрсатилган маблағни қайтириш ва мазкур сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима тўлаш юклатилган.

Фуқаролардан газ учун асоссиз қарз ундириш ҳолатлари бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Фарғона вилояти Қува тумани ва Андижон вилоятининг шу номдаги тумани газ идоралари ҳам фуқаролар бўйнига асоссиз қарз илгани аниқланган.

“Қутуришга қарши чоралар кучайтирилмоқда”

Ўзбекистон вилоятларида ветеринария идоралари билан ҳамкорликда инсон ҳаёти учун ўта хавфли саналган қутуриш ва бошқа юқумли касалликларга қарши профилактика тадбирлари ўтказилмоқда (“Ҳуррият”, 27 феврал).

Ички ишлар вазирлиги вакили, подполковник Д.Зиёматовга кўра, ушбу чора-тадбирлар доирасида аҳоли хонадонларида сақланаётган ит ва бошқа ҳайвонлар клиник кўрикдан ўтказилиб, қайта рўйхатга олинмоқда ҳамда ветеринария паспортлари берилмоқда.

“Нафақахўрлар ҳаққини туя қилган раислар иши терговда”

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани “Оқсув Ғовозон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси С.Саримсоқов ва унинг котиби А.Сатторов кам таъминланган ва ёш болали оилаларга бериладиган нафақа пулларини ўзлаштиришда ва порахўрликда айбланди.

“Диёнат” газетасида айтилишича, раис ва котиб 12 миллион сўм нафақани нотўғри тайинлаб, шундан 7 миллиондан ошиғини талон тарож қилган. Шунингдек, маҳалла расмийлари болалари пулини расмийлаштириб бериш эвазига фуқаро Х.Валиевадан 100 минг сўм пора олган. Бош прокуратура вакили Баҳриддин Қароровга кўра, Поп тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бургутали Норматов ҳам нафақа пулларини ўзлаштириш ва фуқаролардан пора олгани учун терговга жалб этилган.

“Ўзбек рассомлари асарлари Sotheby`s кимошдисига қўйилади”

Лондондаги “Ню Бонд Стрит” галереясида жаҳонга машҳур Sotheby`s аукцион уйи томонидан ўтказиладиган кўргазма-cавдоларга ўзбекистонлик рассомлари асарлари ҳам қўйилади (“XXI аср”, 28 феврал). “Meros” Ўзбекистон антикварлар уюшмаси кўмагида жорий йил 2-4 март кунлари ташкил этиладиган тадбирда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари ижодкорларининг 50 та картинаси намойиш этилади.

Асарлари кимошдига қўйиладиган ўзбекистонлик рассомлар қаторида Раҳим Аҳмедов, Мурод Қорабоев, Жамол Усмонов ва Александр Барковский номи эътироф этилган.
XS
SM
MD
LG