Линклар

logo-print

1 март куни Самарқанд вилояти Булунғур тумани марказидаги “Бахт-ер” автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаси (АЁҚШ)да Нексия автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида 36 метр узоқликда турган фарғоналик йўловчи 35 ёшли Игор Жўраев ҳалок бўлган.



Озодликка бу ҳақда исмини ошкор қилмаётганимиз булунғурлик манба маълум қилди.

Воеқа 1 март куни эрталаб Булунғур-Тошкент йўлидаги “Бахт-ер” автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаси (АЁҚШ)да содир бўлган.

“Эрталаб заправкада портлаш бўлди. Портлаш 2 километр узоқликдан ҳам эшитилди. Ўлганлар ҳам бор. Ўлган киши водийдан экан” деди манба.

Булунғур туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, воқеа 1 март куни эрталабки соат 8 лар атрофида содир бўлган.

“Заправканинг ўзи портламаган. Нексия русумли автомобилга ўрнатилган газ баллони портлаган. Заправкага эрталаб Нексия русумли автомобил эгаси келиб, машинасига газ заправка қилган. Кейин у машинани газ олдираётган пайти машина багажига ўрнатилган газ баллони ёрилиб кетган”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз Булунғур ИИБ ходими.

Озодлик гаплашган милиция ходимига кўра, газ баллони портлаши оқибатида АЁҚШ яқинида турган йўловчилардан бири ҳалок бўлган, яна бири жароҳатланган.

“Нексия баллони портлаш натижасида парчаланиб учиб кетган. Баллон парчалари 50 метр узоқликкача учиб борган. Баллон парчалари заправка ёнидаги йўлда, 36 метр узоқликда турган йўловчиларга ҳам бориб урилган. Йўловчилардан бири- 1978 йилда туғилган Жўраев Игор бошига теккан баллон парчасидан жароҳатланиб, ҳалок бўлган. Яна бир йўловчининг оёғига теккан. Унга тиббий ёрдам кўрсатиб, қўйиб юборилган”, деди милиция ходими.

Булунғурлик милиция ходимининг айтишича, воқеа натижасида АЁҚШда турган учта автомобил шикастланган.

“Баллон парчалари заправкада турган иккита Дамас ва битта Нексияга бориб урилган. Жами учта машина шикастланган”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз Булунғур ИИБ ходими.

Мутахасисларга кўра, Нексияга ўрнатилган газ баллонининг сифатсизлиги ёки эскиргани портлашга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Жорий йилнинг 28 январь куни соат 15 лар атрофида Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида жойлашган АЁҚШда содир бўлган портлашга ҳам Хитойда ишлаб чиқарилган газ баллони сабаб бўлгани айтилганди.

Ўтган йили Ўзбекистон бўйлаб бир неча АЁҚШда хавфсизлик техникасига риоя қилинмагани оқибатида портлашлар содир бўлган.

2012 йилнинг 8 апрел куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Янгиқишлоқ қишлоғида жойлашган АЁҚШга газ қуйиш учун кирган Ласетти автомобилининг газ баллони портлаши оқибатида 29 ёшли оператор йигит Зафар Авазов ҳалок бўлган эди.

1 апрел куни пойтахт Тошкентда халқаро аэропорт яқинидаги MQ-Servis номли АЁҚШда аввал ёнғин, кейин портлаш содир бўлган эди.
XS
SM
MD
LG