Линклар

Британиядан кейин АҚШ ҳам Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда


АҚШ Ўзбекистонга қурол-яроқ етказиб бериши мумкин. Бу ҳақда чоршанба куни АҚШ Конгрессидаги эшитувларда чиқиш қилган давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк маълум қилди.

Конгресснинг ташқи ишлар масалалари бўйича қўмитаси олдида қилган чиқишида Блейк Қўшма Штатлар Тошкентнинг илтимосига кўра, Ўзбекистонга террорчиликка қарши курашиш учун ҳарбий ёрдамни тиклашни режалаштираётганини маълум қилган. Вашингтон 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Тошкентга ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатган.

Блейкнинг чоршанба куни Конгресс вакилларига маълум қилишича, Ўзбекистон “ҳужум қуроллари каби йирик тизимларни сўраётгани йўқ”. Тошкент мамлакат мудофаасини мустаҳкамлашга ёрдам беришни илтимос қилмоқда, дея қўшимча қилди Блейк. Бунинг эвазига, АҚШ мулозимининг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматидан инсон ҳуқуқларига оил вазиятни яхшилаш бўйича чора кўриш сўралган.

Ўтган ойда Британия ҳам, Афғонистондаги қўшинларини олиб чиқишда Ўзбекистон ўз ҳудудини транзит сифатида тақдим қилиши эвазига, Тошкентга ҳарбий техника тақдим қилиш режасини маълум қилди.

Бу Андижон воқеалари боис Европа Иттифоқи Тошкент ҳукуматига қўллаган қурол-яроқ эмбаргоси бекор қилинганидан бери Британия Ўзбекистонга илк бор қурол етказиб беришини англатади.
XS
SM
MD
LG