Линклар

logo-print

Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус Ўзбекистонга сафарини бошламоқда.Фабиуснинг Тошкентга ташрифи арафасида Парижда жойлашган бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбек расмийлари билан мулоқот чоғида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирдилар.

Амалий ташрифи давомида жаноб Фабиуснинг Тошкентда президент Ислом Каримов ва бошқа мулозимлар билан учрашиши кутилаётир.

Ташриф доирасида йирик француз ширкатлари раҳбарларининг ўзбек ишбилармон доиралари билан учрашувлари ҳам режаланган.

Эслатиш жоиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўтган йил октябр ойида Парижга ташрифи чоғида француз ишбилармонларини Ўзбекистоннинг Навоий ва Ангрен шаҳарларида барпо этилаётганн эркин иқтисодий ҳудуд лойиҳаларида иштирок этишга даъват қилганди.

Айни пайтда Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиуснинг Тошкентга ташрифи арафасида Парижда жойлашган бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбек расмийлари билан мулоқот чоғида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирдилар.

Париждаги Халқаро инсон ҳуқуқлари федерацияси –FIDHнинг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Саша Кулаева Озодлик билан суҳбатда шундай деди:

- Ҳозир Францияни Афғонистондан ўз ҳарбий бўлинмаларини олиб чиқиш кўпроқ ўйлантираётгани ва расмий Париж бу масалада Ўзбекистоннинг кўмагига кўз тикаётганини тушунамиз.

Лекин айни пайтда стратегик манфаат деб умуминсоний қадриятлар, жумладан инсон ҳуқуқлари масаласи четга суриб қўйилмаслигига умид қиламиз ва Франция ташқи ишлар вазиридан Тошкентдаги мулоқот чоғида кўплаб инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишга солиб келаётган масалалар, жумладан ўзбекистон бир қатор сиёсий махбусларни озод этиш масаласини кўтаришни сўраймиз, - деди Кулаева.

FIDH ташкилотига кўра, кўплаб диний ва сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларга Ўзбекистонда амнистия қўлланилмайди, уларнинг қамоқ муддатлари узайтириб келинади.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси ҳам Лоран Фабиус номига мурожаат йўллаб,Тошкентдаги мулоқот чоғида Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳаракатланишига қўйилган чекловларга эътибор қаратишни сўраган.

Ташкилотга кўра, ўзбекистонлик рассом Вячеслав Охуновга Франциядаги санъат фестивалида қатнашиши учун хорижга сафар қилишига рухсат берилмаяпти.

Франция ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга 2005 йил 13 кунги Андижон қирғинидан сўнг илк бор сафар қилаётган мартабали француз расмийсидир.

Андижон воқеалари ортидан Франция бир қатор ўзбек инсон ҳуқуқлари фаолларига бошпана берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG