Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Қозоғистон судида адолат учун курашмоқда


Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Владимир Ҳусаинов.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Владимир Ҳусаинов.
1 март куни Жанубий Қозоғистон вилоят судида ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Ҳусаиновнинг апелляцияси юзасидан маҳкама жараёни бошланди. Ҳусаинов декабр ойида Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида Сариоғоч суди чиқарган қарор бекор қилинишини талаб қилмоқда.

Швецияда рўйхатга олинган Ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро жамиятининг Тошкент вилояти бўлими раиси Владимир Ҳусаинов Озодлик билан суҳбатда 2012 йилнинг 24 декабр куни Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сариоғоч шаҳрига шахсий иш билан кетаётган пайтда Ўзбекистон чегарасини кесиб, Қозоғистоннинг “Қоплонбек” постига ўтган пайтда қозоқ чегарачилари томонидан қўлга олинганини айтди.

Ҳусаиновга кўра, қонунга зид ҳаракат қилмаган бўлса-да, Қозоғистон чегара хизмати сержанти уни “чегарани кесиб ўтиш тартибини бузганлик”да айблаган.

Сариоғоч шаҳрида ўша куни ўтказилган маъмурий судда ҳакам Владимир Ҳусаиновни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топиб, уни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилган.

- 24 декабр куни мени ноқонуний тарзда ушлаб, судга олиб боришди. Сариоғоч шаҳар суди ҳаками айбдор эмаслигимни билса-да, барибир мени мамлакатдан чиқариб бориш ҳақида қарор чиқарди. Мен бу қарордан норози бўлиб, Жанубий Қозоғистон вилоят апелляция судига мурожаат қилдим.

Мен ўтган пайшанба куни (28 феврал) Сариоғочга борганимда маҳкама жума куни эрталабга белгиланганини бехосдан билиб қолдим. Ўзим билан ҳеч қандай ҳужжатлар олмаган эдим. Журналистларни ҳам судга таклиф қилишга улгурмадим, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Владимир Ҳусаинов Озодликка Жанубий Қозоғистон вилоят судидан Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида Сариоғоч суди чиқарган қарорни бекор қилишни талаб қилаётганини айтди.

- Мен Сариоғоч судининг мени айбдор деб чиқарган қарори бекор қилинишини ҳамда бу иш асоссиз равишда очилган деб, уни буткул ёпишни талаб қиляпман, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Чегара пунктлари орқали Қозоғистонга ўтган аксар ўзбекистонликлар Озодликка қўнғироқ қилиб, қозоқ чегарачилари улардан очиқчасига ноқонуний равишда пул талаб қилишлари юзасидан кўплаб шикоятлар қилиб келади.

Аммо шу пайтгача ҳеч ким қозоғистонлик сарҳадчиларни ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан шикоят қилиб, судга мурожаат қилмаган.

Бироқ Владимир Ҳусаинов бу ўзи учун принципиал масала бўлгани сабабли ортга қайтмаслигини билдирди.

- Улар чегарада ноқонуний пул йиғиш билан шуғулланмоқда. Мен жим туришим керакми? Мен буни принципиал масала, деб ҳисоблайман. Бу менга қанчалар қимматга тушмасин, барибир улар билан судлашаман.

Ўзбекистон ва Қозоғистонда нима учун шундай тартибсизлик бор? Чунки одамлар бунга тоқат қилади. Тоқат қилингани оқибатида ҳозир шундай режим мавжуд. Бизда ҳамма шунга ўрганган. Бу нотўғри, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Владимир Ҳусаинов Жанубий Қозоғистон вилоят судининг навбатдаги йиғилиши 4 март куни маҳаллий вақт билан соат 14:30 да бошланиши режаланганини айтди.
XS
SM
MD
LG