Линклар

Сурия Президенти Башар Ассад истеъфога чиқмаслигини айтиб, Сурия мухолифати жангчиларини қўллаб-қувватлаётгани учун Британияни танқид қилди. Бироқ Британия Ташқи ишлар вазири ҳам Асссаднинг иддаосига кескин жавоб қайтарди.

The Sunday Times газетасига интервю берган президент Башар Ассад Буюк Британияни “юзаки ва ғўр” давлат, дея бахолади.

- Британия ҳарбий қуроллар етказиб бериш тарафдори бўлиб турган бир пайтда бу давлатдан Сурия можаросини ҳал қилишда қандай қилиб ижобий ролни кутиш мумкин? Сурияликлар ўртасидаги мулоқотда енгиллик бўлишини хоҳламаётган, террорчиларга ҳарбий ёрдам кўрсатаётган Британиядан қандай қилиб зўравонликни камайтиришда ёрдам кутиш мумкин? Бу мантиққа тўғри келмайди, деди Ассад.

Якшанба куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Виллиам Ҳейг сўнгги ойларда ахборот агентликларига деярли интервю бермаган президент Ассаднинг иддаоларига жавоб берди.

- Бу киши қатлиомларга бошчилик қилмоқда. Унга жавобимиз шуки, биз унинг номидан ўз уйларидан ҳайдаб чиқарилган ва оилаларидан айрилган одамларга озиқ-овқат, бошпана ва кўрпа-тўшаклар жўнатаётган Британия халқимиз. Биз президент Ассад учун ишлаётган аскарлар томонидан ярадор қилинган ва ҳуқуқлари топталган одамларга ғамхўрлик қилиб, тиббий дори-дармонлар жўнатаётган халқмиз, дея баёнот берди Британия Ташқи ишлар вазири.

Британия Ғарбий Европанинг аксар давлатлари, АҚШ ва қатор араб мамлакатлари сингари Сурияда янги ҳукумат тузишда президент Ассад иштирок этишини рад қилган Сурия мухолифатини дастаклаган.

Айни пайтда Буюк Британия Сурия мухолифатига қуроллар етказиб бериш ҳақидаги Европанинг чеклови бекор қилинишини ҳам қўллаган.

Бироқ, ўтган ой Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари буни рад қилиб, Сурия мухолифатига қуроллар ўрнига гуманитар ва “техник ёрдам”ни кўпайтиришга келишиб олдилар.

Сурияда президент Башар Ассад режимига қарши қарийб икки йил олдин оммавий норозиликлар бошланганидан кейин ҳукумат ҳарбийлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувларда шу кунгача 70 мингдан ортиқ одам ўлгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG