Линклар

Денов тумани ҳокимлиги Бош ҳисобчиси Бобохон Хўжақулов иш жойида ўзини пичоқлади. Унинг каби бирин-кетин жонига қасд қилаётган ҳокимият ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг бундай қилмишлари сабаби тушкунликдан қидирилмоқда.


"35-40 миллион сўмлик камомад ҳисобчини суицидга етаклаган"

Озодлик манбаси йўллаган хабарга кўра, 2 март куни Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокимлиги идорасида ҳисобчи Хўжақулов ўзини чавақлаб ташлаган.

Озодлик мухбирининг Денов тумани Марказий шифохонасидан аниқлашича, 51 яшар Хўжақулов кўкрагининг чап қисми, қорин бўшлиғи, бўйин қисми ва танасининг яна бир неча қисмига ўткир тиғли пичоқ билан бир неча чуқур жароҳат етказган.

Айни пайтда ҳокимият мулозимининг кома ҳолатида реанимация бўлимида қолаётгани айтилмоқда.

Бу ҳодисани тасдиқлаган Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ходими бу борада қўшимча маълумот беришни истамади.

Аммо, Денов тумани ҳокимлигига яқин манбаларнинг аноним тарзда айтишича, 19 йилдан бери ҳокимлик ҳисоб-китоб бўлимини бошқарган мулозимга нисбатан Денов тумани прокуратураси томонидан жиноий иш очилган эди.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Растарата ва талон-тарожлик йўли билан ўзгаларнинг мулкини ўзлаштириш) билан жиноий иш қўзғатилган эди.

Норасмий маълумотларга кўра, бош ҳисобчи фаолияти даврида давлатнинг 35-40 миллион сўмлик мол-мулкини талон-тарож қилганликда гумон қилинмоқда.

Бу ҳодисани ўрганган журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, ҳисобчининг ана шу жавобгарликдан қочиш учун жонига қасд қилгани айтилмоқда.

- Жуда асабий, ўткир депрессия ҳолатида ўз танасининг бир неча жойига пичоқ урган, чуқур ҳаяжон ичида ўз жонига қасд қилган, деган версия илгари сурилаяпти. Бу версияда жон бор. Чунки, мен у кишининг яқинларидан олган маълумотлар буни тасдиқлайди, деди журналист.


ИИВ ходимлари орасида депрессияга қарши тренинг ўтказди

Кейинги пайтларда Ўзбекистондаги ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз жонига қасд қилаётган мулозимлари сони ортаётгани кузатилмоқда.

Айниқса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иш жойида ўзини отиб ташлагани ёки ўзини осганига оид маълумотлар кўпаймоқда.

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бундай ҳолатларнинг ҳисобини олган ва унга қарши чора-тадбирларни бошлаган.

Ана шундай тадбирлардан бирини тилга олган журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, ходимларнинг бу қилмишлари сабаби тушкунлик ва муттасил чарчоқдан қидирилмоқда.

- Бухорода яқинда Ички ишлар вазирлиги махсус тренинг ўтказган эди. Шахсий таркибни руҳий-психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш нуқтаи-назаридан. Яъни, ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳаллий давлат идоралари ходимларида чуқур депрессия ҳолатлари бор. Чунки, иш оғир, айниқса, пахта теримига ўхшаш кампаниялар вақтида бу ходимлар бир неча кунлаб ухламайди, дейди журналист.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари зиммасига юкланаётган ҳамда бир чорак ўтар-ўтмас натижаси талаб қилинаётган айрим вазифаларни бажаришнинг имконсизлиги ҳам муаммонинг сабаби сифатида тилга олинмоқда.

Бошқа тафсилотларни Абдураҳмон Ташанов билан қурган суҳбатимизда эшитишингиз мумкин.





Жонига қасд қилган давлат ходимлари сони ортмоқда

Шу йилнинг 5 февралида Тошкентнинг Чилонзор тумани ички ишлар бўлимининг капитани, 29 ёш Сарвар Ҳамидов иш жойида, табел тўппончасидан ўзини отгани хабар қилинган эди.

Ундан сал олдин, 29 январ куни Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани Шароф Рашидов жамоа хўжалигида яшовчи 26 яшар милиция ходими Комилжон Қаюмов ўзини осиб ўлдирган эди.

Бундан ташқари, Жиззах вилояти Зомин туманида 42 яшар милиция полковниги Тўлқин Довурбоев ўз укаларини отиб ўлдирганликда айбланган эди. Тергов хулосаларига кўра, унинг ҳалок бўлган укаларидан бири Дилшод Довурбоев Зомин тумани Ички ишлар бўлими ходими бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG