Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:04

"Тошкент вилоятида ҳокимни алмаштиришга ҳозирлик боряпти"


Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати расмий сайтида берилган сурати.
Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати расмий сайтида берилган сурати.
Ўзбекистон ҳукуматидаги ишончли манбаларига таянган тошкентлик журналистлар тез орада президент Ислом Каримовнинг Тошкент вилоятига бориши ва ҳоким Рустам Холматовни кескин танқидлар билан ишдан олиши кутилаётганини хабар қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати доирасидаги манбаларга таянган тошкентлик журналистларнинг хабар қилишича, шу кунларда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Тошкент вилоятига бориши кутилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги манбаларига таянган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановдаги маълумотларга кўра, вилоятдаги давлат идораларига ҳоким Рустам Холматов фаолиятини таҳлил қилиш ва тезкор ҳисобот ҳозирлаш вазифаси берилган.

- Тошкент вилоятининг барча кўрсаткичларини прогнозлаш ва таҳлил қилиш бўйича махсус комиссия иш олиб бораяпти. Вилоятдаги минус кўрсаткичларни аниқлаш вазифаси юклатилган. Менимча, ҳоким Рустам Холматов жиддий танқидлар билан ишдан олинади, дейди ўз расмий манбаларига таянган журналист.



Ундаги маълумотларга кўра, Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашида кутилаётган навбатдан ташқари сессия шу ҳафтанинг охири ёки кейинги ҳафтанинг бошида бўлиб ўтиши айтилмоқда.

Озодлик мухбири расмий манбаларга таянган мустақил журналист тарқатган бу хабар ортидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан боғланди.

Вилоят ҳокимлигининг Ташкилий масалалар бўйича бўлими ходимлари бу хабарларни "аниқ фактларга асосланмаган", дея инкор қилди.

Аммо, Ўзбекистон ҳукуматидаги нуфузли манбаларига таянган яна бир мустақил журналист Uzmetronom интернет нашри муҳаррири Сергей Ежков ҳам бу ҳақда хабар қилар экан, президент Ислом Каримовнинг Тошкент вилоятига сафари 5 март куни бўлиши ҳақида маълумотлар борлигини айтмоқда.

Ежковнинг айтишича ҳам, вилоят ҳокими Рустам Холматов фаолияти давомида йўл қўйган камчиликларга оид арзу шикоятлар йиғилиб қолган ва президент Каримов навбатдан ташқари сессияда уни ишдан олиши кутилмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаган икки мулозими 5 март куни вилоятга президентнинг келиши ҳақида ҳокимликда бирор маълумот йўқлигини айтди.

Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукуматидаги аноним манбаларга таянган Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятга эга бўлган бу вилоятига ҳокимликка номзод сифатида икки мулозимнинг номи расмий доираларда тилга олинаётганини айтмоқда.

- Булардан бири Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зафар Рўзиев номзоди. Иккинчиси, ҳозир Андижон вилоятига ҳокимлик қилаётган Аҳмаджон Усмонов номзоди. Энди сессия бўлмасидан туриб, бу номзодлар ҳақида гапиришга ҳали эрта, албатта. Лекин, ҳозирча шу икки мулозимнинг номи тилга олинаётгани бор гап, деди Абдураҳмон Ташанов.

2008 йилдан бери Тошкент вилоятига ҳокимлик қилаётган сенатор Рустам Холматов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Илм-фан, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси аъзосидир.

Senat.uz сайтида берилган хабарга кўра, Холматов 1998-2000 йиллар оралиғида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳокими бўлган.

2000-2003 йиллар оралиғида эса Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоятнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси раиси бўлган.

2003-2008 йиллар давомида вилоятнинг Қуйичирчиқ тумани ҳокими, 2008 йилнинг 16 декабрида эса Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланган.

Унга қадар қарийб 3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ва республиканинг маъмурий жиҳатдан муҳим ҳисобланган бу вилоятига Зиёвуддин Ниёзов раҳбарлик қилган эди.

Рустам Холматовнинг ишдан олиниши мумкинлиги ҳақидаги хабар илк бор 2011 йилдан пайдо бўлган эди.

2011 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти вилоят ҳокимлигининг айрим масъул шахслари устидан очилган жиноят иши бўйича текширув бошлагани айтилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Ўзбекистон давлат тизимларидан бирида ишлайдиган манба тергов жараëни бошланишига вилоят ҳокими ўринбосарларидан бирининг ҳокимга қарши ёзиб берган аризаси сабаб бўлганини айтган эди.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидан бўлган 52 яшар Рустам Холматовнинг асл касби иқтисодчидир. У 1999 йилда «Шуҳрат» ордени билан, 2002 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:34 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG