Линклар

logo-print

“Abu-Sahiy” ширкатидан олинган маълумотга кўра, 8 февралдан буён ишламаган ширкатнинг Тошкентдаги хориждан юк ташиш ва уни расмийлаштириш маркази 4 мартдан бошлаб яна юк ташишни бошлаган.


“Abu-Sahiy” яна иш бошлади”

Бу маълумотни “Abu-Sahiy” ширкатининг хориждан юк ташиш ва уни расмийлаштириш маркази ҳисобланган "Карго сервис" идорасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимларидан бири тасдиқлади.

“Абу-Саҳий” очилди. Бугун очилди. Ҳаммаси жойига тушди”, деди ширкат ходими.

Лекин суҳбатдош ширкатда бўлаётган тафтиш ишлари тугаган ёки тугамаганини аниқлаштирмади.

8 февралдан бошлаб мазкур ширкатда прокуратура, божхона ва хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат махсус гуруҳ текширув ўтказаётгани ҳақида хабар берилган эди.



Озодлик мухбири 26 феврал куни суҳбатлашган ширкат ходимларидан бири буни инкор қилиб, идорада бўлаётган тафтиш режа бўйича уч йилда бир бўладиган текширув эканини таъкидлаган.

Айни пайтда таҳлилчиларга кўра, ширкатдаги тафтиш сабаблари Ўзбекистонда импорт маҳсулотларига жорий этилиши кутилаётган кескин чеклов билан бевосита боғлиқдир.

Шу тариқа, мутасадди идоралар Ўзбекистонга импорт маҳсулотларини келтириб бераётган монополист ширкат ҳаракатини тўхтатиш орқали хорижий товарлар оқимини ҳам тўсиқ қўйишга ҳозирданоқ киришилгани айтилмоқда.

“Юк омборлари ҳам очилди”

“Abu-Sahiy”да тафтиш ишлари бошлангач, ширкатнинг импорт товарлар сақланадиган ва тарқатиладиган марказига қарашли омборлар қулфланган ва юзлаб тадбиркорларнинг юклари қарийб бир ой давомида “қамаб” қўйилган эди.

Тадбиркорлар хориждан келтириладиган товар маҳсулотларига нисбатан президент қарори билан жорий этилаётган чеклов 1 апрелдан кучга киргач, “Abu-Sahiy” компанияси омборларида қолаётган маҳсулотлари мусодара қилиниши ва мулкидан айрилиши мумкинлигидан хавотир қилаётган эди.

Ширкат ходимининг 4 март куни айтишича, тадбиркорларнинг юклари бус-бутун сақланган бўлиб, улар ўз юкларини навбати билан омбордан олишлари мумкин.

Озодлик манбасига кўра, 4 март куни ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстлик” чегара постидан “Abu-Sahiy”нинг юклари ортилган машиналарнинг дастлабки “карвони” Ўзбекистонга киритилган.

Лекин, айни пайтда, ширкатнинг хориждаги бўлимлари, жумладан, Туркиядаги идоралари ҳали ўз ишини бошламаган.

“Abu-Sahiy”нинг Истанбулдаги идорасининг ўзини таништирмаган ходими юк қабул қилиш бир ҳафтадан кейин бошланишини маълум қилди.

“Abu-Sahiy” - импорт товарлари бўйича асосий монополист

Мазкур ширкатда 2010 йилнинг апрел ва май ойларида ҳам текширув бўлган, ўша пайтда ҳам хориждан юк олиб келиш вақтинча тўхтатиб қўйилган эди.

“Abu-Sahiy” хориж товарлари импорти билан шуғулланувчи мамлакатдаги асосий монополист ҳисобланади.

Компания нафақат Тошкентдаги Абу-Саҳий бозорини, балки мамлакатдаги деярли барча бозорларни хориж моллари билан таъминлаб келади.

Centrasia.ru сайти маълумотига кўра, Хитойдан Ўзбекистонга келтирилаётган товарларнинг барчаси “Abu-Sahiy” томонидан етказилмоқда.

Шунингдек, ушбу компания Жанубий-шарқий Осиёдан бошлаб, Ғарбий Европагача бўлган давлатлардан турли кўринишдаги товарларни харид қилиш, юкларни етказиб бериш ва сақлаш бўйича хизмат кўрсатади.

Тошкентлик сотувчиларга кўра, ушбу ширкат буюртма қилинган юкни хорижда қабул қилиб, буюртмачининг Ўзбекистондаги уйи ёки идорасининг остонасига қадар етказиб беради.

Савдогарларнинг айтишича, “Abu-Sahiy” ширкатининг эмблемаси ёпиштирилган юкларни ҳеч ким текширмайди ва юкни етказиб бериш жараёнида ширкат учун муаммолар, одатан туғилмайди.

Uzmetronom.com сайти иддаосига кўра, мамлакат бозорларидаги хорижий товарларнинг 90 фоизи “Abu-Sahiy” томонидан келтирилаяпти ва ширкат чет элдан товар келтиришда, асосан ноқонуний йўлларни танлайди.

Норасмий маълумотларда ширкатнинг хориждан товарларни бож тўловини тўламасдан олиб кириши айтилади.

Foreignpolicy.com сайти маълумотига кўра, бир кунлик пул айланмаси 250 минг АҚШ долларини ташкил қиладиган “Abu-Sahiy” ширкати Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевага қарашлидир.

Fergana.ru сайтининг ёзишича, бу ширкатни аслида Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи, Тошкент кланидан экани айтиладиган бизнесмен Тимур Тиллаев бошқаради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG