Линклар

logo-print

Россиянинг турли минтақаларида мигрантлар устидан назорат қилиш дружиналари пайдо бўлмоқда. Санкт-Петербург ўзбеклар жамияти меҳнат муҳожирларига кўмаклашувчи миллий патрулларини тузганини айтмоқда.


Петербургда миллий дружина иш бошлади

Россия Миграция хизмати ташаббуси билан мамлакатнинг турли минтақаларида миграция дружиналари тузилмоқда. Дружиначилар Россияга меҳнат қилгани келаётган миллионлаб меҳнат муҳожирларига ахборот кўмаги тақдим қилиш ёки тушунтириш ишларини олиб бориш учун тузилганини иддао қилмоқда.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбеклар жамияти раҳбари Алижон Хайдаров ўз ўрнида асосан марказий-осиёлик мутахассислардан иборат миллий дружиналар тузилганини айтмоқда. У патрул хизматчилари ўз юртдошлари орасида тушунтириш ишларини олиб бораётганини Озодлик Радиосига гапириб берди.

- Санкт-Петербург губернатори “Шаҳар кўчаларида одамларга тушунтириб юрадиган миллий дружиналар тузсак яхши бўларди”, деди. Улар нима қилиши керак, қандай бўлиши керак, қонунлар мана шунақа. Биз ҳозирча Петербургнинг Гостиний Двор бозорида патрул туздик. У ФМСга ўхшаган жазоловчи тузилма эмас, балки ўзбек, тожик, қирғиз юртдошларимизга Россияда ўзини қандай тутиш кераклигини тушунтириб боради. Улар ёрдам бериб боради, чунки аксари Россия миграция қонунчилигини тушунмайди. Патрулдагилар юридик жиҳатдан тайёргарлик кўрган, ўрганган одамлардир. Унинг таркибида иккита ўзбек, битта тожик, иккита қирғиз, иккита қозоқ бола бўлади. Улар керакли тилда тушунтириш ишларини олиб боради,- дейди Алижон Хайдаров.

Ўзбеклар жамияти раиси шаҳарнинг марказий бозорларидан бирида тузилган бу миллий дружина вакиллари ўз иши учун ҳақ олмаслиги, фақат кўнгилли тарзда ёрдам бераётганини ҳам қўшимча қилди.

Жорий йилнинг 19 февралида Санкт-Петербург шаҳар ҳукумати йиғилишида шаҳар вице-губернатори Игорь Дивинский “мигрантлар орасида тартиб ўрнатилиши мақсадида миллий дружиналар тузишни” таклиф қилди. Расмийнинг бундай баёнотига 2013 йилнинг 8 феврал куни Санкт-Петербургнинг "Апраксин двор" бозори ва шаҳарнинг бошқа туманларидаги мусулмон жамоалари йиғиладиган жойларда Федерал хавфсизлик хизмати ва полиция бўлинмалари махсус амалиёт ўтказиб, “Петербург жамоати” диний радикал исломчилар ташкилотини фош этгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Олиб борилган тинтувлар ва махсус амалиётар натижасида ўша кунлари Санкт Петербургда расмий маълумотларга кўра, 300га яқин одам полиция бўлинмаларига олиб келингани маълум бўлди.

Бундан олдинроқ ФМС раҳбари Константин Ромодановский миграция хизмати ходимлари мамлакатдаги муҳожирлар мавжуд бўлиши мумкин бўлган барча объектларни назорат қила олмаётгани ва шу сабабли кўнгиллилар ёрдамига эҳтиёж сезилаётганини билдирган эди.

ФМС ташаббусига миллатчилар қўшилмоқчи

Шу билан бирга, Россиянинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам миграция патруллари иш бошлади.

Шундай патруллардан биринчилари Москванинг Қозон, Ярославская ва Ленинград вокзаллари майдонида иш бошлади. ФМС чиларга ўхшаш тўқ-қизил жилетка кйиган, қўлида “дружиначи” ёзувли тамғаларни таққан кўнгиллилар хориж фуқаролари орасида тушунтириш ишларини олиб боришга мўлжаллангани айтилмоқда.

- Хориж фуқароси уларга мурожаат қилгудай бўлса, қонунни бузмасдан қандай қилиб миграция қайдига туриш, ишга рухсатнома ва патентни қандай олиш мумкинлиги тўғрисида жавоб олиши мумкин,- дейди Қозон вокзалидаги илк дружиначиларни журналистларга намойиш қилган Москва бўйича Миграция бошқармасининг Текшириш тадбирлари бўлими бошлиғи Дмитрий Сергиенко.

Маълум бўлишича, бугунги кунда Москвада бу лойиҳада 100 дан ортиқ одам иштирок этаётган бўлса, уларнинг сони 600 гача етиши мумкинлиги билдирилди. ФМС раҳбарлари “халқ дружиналари мигрантлар томонидан жиноятлар содир этилишининг олди олиниши учун тузилганига“ алоҳида урғу бермоқда.

Патруллар Миграция хизмати ходимлари билан бирга шаҳарнинг метро, вокзал, бозор ва бошқа оммавий жамоатчилик жойларидаги рейдларда иштирок этиши кўзда тутилган.

ФМСнинг бундай ташаббуси Россиядаги саноқсиз миллатчилар гуруҳларининг қизиқишини тортди. “Русские” миллатчилар ҳаракати раҳбари Дмитрий Дёмушкин Россиянинг йирик шаҳарларида бундай патрулларга “одам ажратиб бериши мумкинлигини” билдирди.

- Биз буни одатдаги кўзбўямачилик эмаслигига умид қиламиз, улар ноқонуний тожикларни ушлайдиган худди шундай бошқа тожикларни бу ишга жалб қилмаслигига ишонамиз. Шу сабабли биз бу тадбирда иштирок этишимизни талаб қиламиз,- дея баёнот берди миллатчилар раҳбари Дёмушкин.

Айни пайтда, ҳуқуқ ҳимоячилари бундай патруллар ксенофобия ва миллатчилик кайфияти жамоатчилик орасида ошиб бориши, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг оммавий бузилишига олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Россия Федерал миграция хизмати келтирган маълумотларга биноан, бугунги кунда Россияда 3,3 миллион ноқонуний муҳожир яшаб келмоқда. Миграция статистикасида 900 мингдан зиёд қонунбузар муҳожир Ўзбекистон фуқароси экани қайд этилган.
XS
SM
MD
LG