Линклар

Покистон Вашингтон норозилигига қарамасдан узоқ вақтдан бери тўхтаб қолган Эрон-Покистон газ қувури қурилишини бошлайди.

Душанба куни Лаҳор шаҳрида чиқиш қилган Покистон президенти Осиф Али Зардорий лойиҳа 11 мартдан бошланишини эълон қилди.

Президент газ қувури Покистон ичида кучайган энергетик талабларни қондиришга қаратилганини айтиб, халқаро ҳамжамиятни санкциялар қўймасликка чақирди.

АҚШ ҳукумати Эрон-Покистон газ қувурининг қурилишига қарши чиқиб келмоқда. Вашингтон Исломободни “санкцияларга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга” чақирган эди.

Эрон газ қувурининг ўз тарафидаги қисмини қуриб битказган.

Покистон эса АҚШ босими остида қурилиш ишларини ортга силжитиб келаётган эди.

Газ қувурининг Покистондаги қисми қиймати 1,5 миллиард долларга тенг экани айтилмоқда. Лойиҳани тугатиш учун Теҳрон Исломободга 500 миллион доллар қарз ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG