Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:02

Суръат Икромов: Маданиятлик 7 фуқаро ноқонуний ҳибсга олинган


Тошкент вилоятининг Қибрай туманига қарашли Маданият маҳалласида истиқомат қилувчи 7 нафар фуқаро ноқонуний равишда ушланган.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов маълум қилди.

Унинг айтишича, 2012 йилнинг 28 декабр куни қибрайлик милиционерлар томонидан 1987 йилда туғилган Равшан Раҳматуллаев қўлга олинган. Шу йилнинг 6 январ куни эса Қибрай туман ички ишлар бўлими ходимлари маҳаллий тадбиркорлар - Жавлон Умарбеков, Дилшод Шокиров, Миркамол Мусаев, Азим Эминов, Жамшид Далабоев ва Элдор Маҳмудовни ҳибсга олишган.

Қарийб тенгдош бўлган бу тадбиркорларнинг барчаси уйларида, Суръат Икромовга кўра, туман прокурорининг санкциясисиз тинтувлар ўтказилган, бироқ тинтувчилар хонадонлардан тақиқланган бирор адабиёт ёки бошқа материалларни топа олмаганлар. Икромов қибрайлик тадбиркорлар ноқонуний равишда тутилганини урғулайди.

- Буларнинг [ҳибсга олишларнинг демоқчи – таҳр.] ноқонунийлиги шундан иборатки, ҳаммасининг паспорти, мобил телефонлари қўлидан олиб қўйилган ва уйсиз, паспорти йўқ одам сифатида уларни 30 кунга қамаб, 30 кун ичида тергов ишлари олиб борилган. Ўша терговда буларнинг ноқонуний диний оқимларга алоқаси борлиги ҳақида қийноқ орқали маълумот олиш ҳаракати бўлган, - дер экан Суръат Икромов қибрайликларнинг электр токи ёрдамида қийноққа тутилганини қўшимча қилади.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, даставвал Тузелдаги дайдилар ушлаб туриладиган махсус қабул-тақсимот пунктига 30 суткага мажбуран жойлаштирилган қибрайликлар 2013 йилнинг 7 январ куни сўроқ учун Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасининг тергов ҳибсхонасига олиб келинган. Бу ерда ўн кун ушлаб турилгач, улар яна Тузелдаги қабул-тақсимот пунктига қайтарилган.

Суръат Икромовга кўра, Равшан Раҳматуллаевнинг ҳибс этилишига унинг компьютеридан ўзбекистонлик машҳур имомлар Абдували қори Мирзаев ва Обидхон қори Назаровнинг маърузалари топилгани сабаб бўлган. Қолган олти киши эса унга шу маърузаларни етказиб берганликда гумонланиб, қўлга олинган.

Дайдилар сақланадиган махсус пунктда 30 кун ушлаб турилганидан кейин Равшан Раҳматуллаевдан бошқа қибрайликлар озод қилинган. Айни пайтда ҳуқуқ фаоли қўйиб юборилганларнинг ҳар биридан мамлакатдан чиқмаслик ҳақида тилхат олинганини айтади. Шунингдек, Икромовга кўра, тадбиркорларга ўзларининг қабул-тақсимот пунктида қандай сақлангани, қийноқлар ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаслик, адвокат ёлламаслик ва ҳеч қаерга мурожаат қилмаслик тайинланган.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими терговчиси қибрайлик тадбиркорларга улар Ўзбекистон Жиноят кодекси 244-моддасининг 3-банди (Диний мазмундаги материалларни ноқонуний тайёрлаш, сақлаш, мамлакатга олиб кириш ёки тарқатиш) ҳамда 246-моддаси (Контрабанда) бўйича гумонланаётганларини билдирган.

Қибрайлик тадбиркорлар иши бўйича тергов айни пайтда ҳам давом этаётганини айтган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов бу ишдаги яна бир жиҳатга эътибор қаратади.

- Бизда ўндан ортиқроқ оқимларга аъзо бўлиш ёки улар билан иш олиб бориш тақиқлангани бор гап. Аммо “кимнингдир маърузасини ўқиш, аудиосини тинглаш ёки видеосини кўриш мумкин эмас” деган конкрет кўрсатма йўқ. Афсуски, буларни шу ишларда айблашиб, кейин қайсидир оқимга аъзолик айби қўйилади, - дейди Суръат Икромов.

Қибрайлик тадбиркорлар иши бўйича маҳкама яқин ҳафталар ичида бошланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG