Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:44

Ўзбекистон фуқароси қирғиз армиясида хизмат ўтади


Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ўзбекистон фуқароси қирғиз армиясида хизмат ўтагани ҳолати аниқланганини маълум қилди. Ўзбекистон фуқаросини Қирғизистон армиясида хизмат қилишига рухсат берган Жалолобод шаҳрининг собиқ ҳарбий комиссарига нисбатан жиноят иши очилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати вакили Тилек Чокморовнинг айтишича, ўзбекистонлик Сардорбек Рустам ўғли Темиров ўтган йилнинг декабридан бошлаб қирғиз армиясида хизмат ўтай бошлаган. У фуқаролигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган.

-Тергов Сардорбек Темиров 2012 йилнинг декабр ойида Жалолобод шаҳар бирлашган ҳарбий комиссарлиги комиссари Кумарбек Абдраимахуновнинг ёрдами билан Тошкўмир шаҳридаги Фавқулодда ҳолатлар ҳарбий қисмида хизмат ўташга юборилганини аниқлади, -деди Тилек Чокморов.



Хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Токтогул Какчикеев Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қирғиз паспортига эга бўлиш учун мана шундай ноқонуний ҳаракатларни содир этаётганини билдирди:

-Ўзбекистон фуқароси қирғиз армиясида бир йил хизмат қилса ўз-ўзидан Қирғизистон паспортини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу фуқаролик олишнинг энг енгил йўли. Бугунги кунда хорижга кетган қирғиз меҳнат муҳожирлари ўрнини Қирғизистонда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари эгалламоқда. Улар хорижга кетаётганларнинг уйларини ва ерларини сотиб олаяпти. Бу давлат хавфсизлигига жиддий таҳдиддир, -деди Токтогул Какчикеев.

Қирғизистон Мудофаа вазирлиги расмийси Эрнис Элеманов Ўзбекистон фуқаросининг қирғиз армиясида хизмат қилаётгани ҳолати ҳақиқатан ҳам аниқланганини тасдиқлади. Расмий мустақил таҳлилчиларнинг “Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистон фуқаролигини олиш учун қирғиз армиясида хизмат қилишга ҳаракат қилаяпти ва бу ноқонуний ишда уларга ҳарбий комиссарлар кўмак бермоқда. Бундай ҳолат оммавий тус олган”, каби иддаоларини инкор этди.

Расмий, шунингдек, Мудофаа вазирлиги мазкур воқеадан сўнг ҳарбий хизматни ўтаётганларнинг ҳужжатларини текшириш юзасидан кўрсатама берганини ҳам айтиб ўтди..

Кузатувчилар Қирғизистонда паспорт тизимининг коррупциялашгани туфайли ҳарбийда хизмат қилмай ҳам паспортга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида гапириб келадилар. Масалан, ўтган йилнинг ёзида Қирғизистон паспорти билан Қозоғистон чегарасини кесиб ўтаётган олти афғонистонлик қўлга олинган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG