Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:25

Покистон президенти: Эрон-Покистон газ қувури қурилади


Покистон Президенти Осиф Али Зардорий.
Покистон Президенти Осиф Али Зардорий.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий АҚШнинг эътирозига қарамай, узоқ вақтдан бери ортга суриб келинган Эрон-Покистон газ қувури қурилиши бошланишини эълон қилди. Зардорий бу лойиҳа мамлакатнинг энергияга ошиб бораётган эҳтиёжини қондириш учун амалга оширилишини баён қилди.


Покистоннинг Лаҳор шаҳрида душанба куни чиқиш қилган президент Осиф Али Зардорий қиймати тахминан 1,5 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш 11 мартда бошланишини эълон қилди.

Зардорий мазкур газ қувури Покистонда энергияга ортиб бораётган эҳтиёжни қондиришга қаратилганини айтиб, халқаро ҳамжамиятни санкциялар қўлламасликка чақирди.

- Эрон-Покистон газ қувури қурилиши лойиҳаси расман 11 март куни бошланади. Рухсат берсангиз мен лойиҳа ҳақида дунёга ва сизларга тушунтириш берсам. Бу Покистон ҳалқи учун улкан аҳамиятга эга бўлган лойиҳа. У 1994 йилда ишлаб чиқилган.

Халқаро ҳамжамият санкциялар баробарида бошқа давлатларга бизнес юритишга рухсат берган. Шу боис мен бунда ҳеч қандай зиддият кўрмаяпман. Дунё бизни тушунади ва Покистоннинг бу лойиҳаси ҳам қўллаб-қувватланади, дея баён қилди президент Зардорий.

Мутахассисларга кўра, Покистон Эрондан газ сотиб олиш орқали энергия ишлаб чиқаришни 20 фоизга кўпайтиришга умид қилмоқда.

Қўшма Штатлар Эрон-Покистон газ қувури лойиҳасига қарши чиққан ва Покистонни санкциялар жорий қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатдан тийилишга чақирган.

- Устивор мақсадимиз Покистон ва барча дўстларимиз биз миллий манфаатдан келиб чиққан ҳолда шундай қилаётганимизни тушунишидир. Биз ҳеч кимга қарши эмасмиз, биз бошқа масалаларга қарши эмасмиз, биз халқаро ҳамжамият позициясига қарши эмасмиз. Биз фақат тинчликни ва Покистон ривожланишини хоҳлаймиз холос, дея баёнот берди Зардорий.

БМТ, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи ядровий дастурини тўхтатишдан бош тортиб келаётган Эронга қарши санкциялар жорий қилган.

Эрон газ қувурининг ўз ҳудудидаги қисмини аллақачон қуриб битказган. Бироқ Исломобод АҚШ босими остида қурилиш ишларини ортга суриб келаётган эди.

Газ қувурининг Покистон ҳудудидаги 750 километрлик қисмини қуришда ёрдам бериш учун Теҳрон Исломободга 500 миллион доллар қарз ваъда қилган.

27 феврал куни Теҳрондаги учрашувда Эроннинг Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий Зардорийга АҚШнинг лойиҳага қарши чиқаётганига эътибор бермасликни айтиб, Покистоннинг энергияга талабини фақат Эрон қондира олиши мумкинлигини урғулаган.

Ўша куни кечки пайт АҚШ Давлат департаменти Покистоннинг энергияга бўлган эҳтиёжини қондирадиган муқобил таклифларни илгани сурган.

Эрон газ заҳиралари бўйича дунёда Россиядан кейин иккинчи ўринда туради.

Таҳлилчилар фикрича, Эрон газининг асосий қисми мамлакат ичида ишлатилади. Эрон газининг хориждаги ягона харидори Туркия ҳисобланади.

Эрон Ироқ ва Сурияга ҳам газ сотишни режаламоқда. 2011 йилда уччала давлат шу ҳақда келишувга эришган. Эрон томони келишувни амалга ошириш ишларини аллақачон бошлаб юборган.
XS
SM
MD
LG