Линклар

logo-print

Россия яна бир "нурчи"ни Ўзбекистонга бериб юбориши мумкин


Омск шаҳар полицияси ҳибсга олган ўзбекистонлик ватанига қайтарилса, 15 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.

Омск шаҳар полицияси ҳибсга олган ўзбекистонлик ватанига қайтарилса, 15 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.

22 феврал куни Россиянинг Омск шаҳрида ҳибсга олинган 37 ёшли Ўзбекистон фуқаросига нисбатан экстрадиция текшируви бошланди. “Нурчилар” ташкилоти аъзоси сифатида халқаро қидирувда экани иддао қилинаётган бу шахс “Фарғона вилоятида сотиб олган ҳовлида диний-экстремистик ўқув марказини ташкил этганликда” айбланмоқда.



Омск вилоятининг Исилкўл шаҳар суди 22 феврал куни Ўзбекистон сўрови билан ҳибсга олинган 37 ёшли фуқарони бир ой муҳлатга қамоқда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

Омск вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Татьяна Бородина тергов талаби билан ҳозирча исми ошкор этилмаётган шахснинг қўлга олиниши ва унга нисбатан бошланган экстрадиция текшируви сабабларини Озодликка тушунтирди.

- Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича Юнусобод туман суди судяси 2012 йил август ойида бу шахсни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-2 (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ва 244-3 (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) моддалари асосида халқаро қидирувга берилган. Экстрадиция текшируви якунлангунига қадар бизнинг сўровимиз билан суд ўзини аввалига Қирғизистон фуқароси деб таништирган бу шахсни бир ойлик муддатга ҳибсда қолдирди,- дея маълум қилди прокуратура вакили.



Текширувни олиб бораётган прокурор ёрдамчиси Татьяна Бородина сўзларига кўра, 1975 йилда Андижон вилоятида туғилгани аниқланган Ўзбекистон фуқароси шу йилнинг 22 феврал куни кечқурун Россия Хавфсизлик хизматининг Омск вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ушланган. Аввалига у бошқа одам номига берилган сохта Қирғизистон паспортини полиция ходимларига кўрсатган. Текширув давомида у миграция қонунчилигини бузган ҳолда Россияда яшаб келаётгани аниқлангач, Қирғизистонга сўровнома юборилган.

Сўроқлар давомида маҳбус олдинроқ Россия фуқаролигини олгани, бироқ бу давлат паспорти Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тортиб олиб қўйилганини айтган.

Олиб борилган амалиётлар натижасида ҳибсга олинган 2009 йилнинг сентябридан буён Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан халқаро қидирувда экани маълум бўлди.

Ҳибс этилган шахс Ўзбекистонда ва Россияда диний экстремистик деб таъқиқланган “Нурчилар” ташкилотининг фаол намояндаларидан бўлиб, бу ташкилот раҳбарлари томонидан молиялаштириб келинган, дея давом этади прокурор Татьяна Бородина.

- Жиноий иш қўзғатилишига унинг Фарғона вилоятида бино сотиб олиб, ташкилот ўқув марказини ташкил этгани сабаб қилиб кўрсатилган. Ўша ерда улар ноқонуний диний йиғилишларни ўтказиб туришган экан,- дейди Тошкентдан юборилган сўровномадан иқтибос келтирган прокуратура ходими.

Исилкўл туманлараро прокуратураси томонидан экстрадиция текшируви тугагунига қадар 37 ёшли бу шахс Омск шаҳар тергов изоляторларидан бирида қолаётгани айтилди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина Озодлик мухбири билан суҳбатда турли исломий ташкилотларга алоқадорликда гумонланаётган шахсларнинг оммавий равишда Россияда ҳисбга олиниши, айниқса, сўнгги ярим йил давомида кузатилаётганини гапиради.

- Ҳозир мусулмонларга қарши кампаниянинг авж олиб бораётгани кузатилмоқда. 2012 йилнинг ёз-куз фаслидан бошлаб, айниқса, экстрадиция текширувларининг кўпайиб қолганини нафақат “Нурчилар” ташкилотига нисбатан бошланган босим билан изоҳлай оламан. Россияда мусулмонларга қарши турли жиноий ишларни сохталаштириш кампаниялари Марказий Осиёдан келган сўровномалар бўйича экстрадиция текширувларининг сони ошиб бораётгани билан бевосита боғлиқ, деб ўйлайман. Буни мен аллақачон “террорчилик-экстремизмга қарши курашнинг жўшқин фаолиятини жамоатчиликка намойиш қилиш”, деб номладим. Чунки қанчадан қанча экспертларнинг “Нурчилар” деган ташкилотнинг ўзи йўқлигини таъкидлаётгани, Саид Нурсининг асарларини ўқиётган жамоалар борлигига махсус хизматлардан бошқа ҳеч ким ишонмаслиги ҳукуматларни мутлақо қизиқтирмай қўйди,- дейди ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Терговчилардан олинган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан юборилган сўровномага биноан исми айтилмаётган бу шахс Ўзбекистонга экстрадиция қилинадиган бўлса, у 15 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Озодлик, шунингдек, Омск вилоят прокуратураси маҳбусни Россия фуқаролигидан маҳрум этиш масаласини ҳам муҳокама қилаётганини аниқлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG