Линклар

Гулнора Каримованинг Женевадаги уйига борганларни полиция қидирмоқда


Гулнора Каримова 2009 йилда 18,2 миллион швейцария франкига (қарийб 19 миллион АҚШ доллари) сотиб олган ҳашаматли ҳовли.

Гулнора Каримова 2009 йилда 18,2 миллион швейцария франкига (қарийб 19 миллион АҚШ доллари) сотиб олган ҳашаматли ҳовли.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Женева полицияси нима сабабдан уни қидираётганига ойдинлик киритилишини истамоқда.


Инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро филм фестивалида иштирок этиш учун Женевага борган Мўътабар Тожибоева шанба куни яна бир неча ҳуқуқ фаоли билан биргаликда Гулнора Каримованинг Женевадаги уйига боришганини айтмоқда.

Воқеанинг эртасига Женева полицияси Тожибоевага қўнғироқ қилиб, Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонасидан у ҳақда шикоят тушганини айтиб, полициянинг шаҳар аэропортидаги бўлимига келишни сўраган.

Лекин, Тожибоеванинг айтишича, полиция айнан қанақа шикоят тушганини ойдинлаштирмаган.

– Француз тилини яхши билмаслигим учун мен полицияга бормадим ва уларга Ҳюман Райтс Уотч ташкилотидаги ҳамкасбларимнинг телефонини бердим. Уларга ҳам полиция ўзбек миссиясидан қанақа шикоят тушганини айтмаган. Мен ҳозир адвокат ёллаб, нима сабабдан Женева полицияси мен билан қизиқиб қолгани ва ўзбек миссияси шикоятининг моҳияти нимадалигига ойдинлик киритилишига эришмоқчиман,- дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаоли ўзбек ваколатхонасининг шикояти уларнинг Гулнора Каримова уйига ташрифи билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин этмоқда.

Мўътабар Тожибоева 2 март куни даниялик журналист Майкл Андерсон, Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ва Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича собиқ вакили Игор Воронцовлар билан бирга Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Гулнора Каримовага тегишлилиги ишониладиган Колон минтақасидаги уйга ташриф буюришганди.

– Биз ўзбек халқидан ўғирланган пуллар нимага сарфланганини бир кўриб қўймоқчи эдик ва кўрдик,- дейди Тожибоева.

Лекин, Гулнора Каримовага тегишли экани ишонилган уй эшигини русча гапирадиган эркак киши очган.

Даниялик журналист Майкл Андерсоннинг айтишича, эшикни очган бу шахс уй Гулнора Каримовага тегишли эмаслигига уларни ишонтиришга уринган.

– У одам етти хил гапирди. Лекин, у ўзбекистонлик эканини гапириш оҳангидан пайқаш осон эди. Ҳужжатимизни сўради, Мўътабар жуда соддадил аёл, дарров паспортини берди. У киши паспортини суратга тушириб, қайтариб берди. Эртаси куни Ўзбекистоннинг дипломатик миссиясидан полицияга шикоят тушяпти, демак бу уйнинг шу дипмиссия раҳбари Гулнора Каримовага тегишли экани асосли бўлиб чиқяпти,- дейди Майкл Андерсон.

Ўзбекистон дипломатик миссияси айнан қандай шикоят билан полицияга мурожаат қилгани ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистоннинг Женевадаги ваколатхонаси бу юзадан изоҳ бермади. Женева полицияси ҳам бу ҳақда маълумот бермаяпти.

Швейцарияда чоп этиладиган "L'Hebdo" нашри Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2009 йилнинг январ ойида 18,2 миллион швейцария франкига (қарийб 19 миллион АҚШ доллари) ҳашаматли ҳовли сотиб олганини икки йил аввал фош этганди.

Каримова 2008 йил сентябр ойидан буён Ўзбекистоннинг Женева БМТ қароргоҳи ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили ҳисобланади.

Лекин, Каримова хоним сўнгги ойларда Женевадаги иш ерида кўринмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG