Линклар

Уго Чавес оламдан ўтди


Венесуэланинг собиқ президенти Уго Чавес оғир хасталикка чалинганди.

Венесуэланинг собиқ президенти Уго Чавес оғир хасталикка чалинганди.

Икки йилдан бери саратон касаллиги билан курашиб келган Венесуэла Президенти Уго Чавес 58 ёшида вафот этди.


Чавеснинг ўлими ҳақида вице-президент Николас Мадуро миллий телеканал орқали маълум қилди.

Николас Мадурога кўра, президент сешанба куни маҳаллий вақт билан 16:25 да (Тошкент вақти билан 6 мартга ўтар кечаси соат 1:55 да) кўз юмган.

– Команданте (қўмондоним), қаерда бўлманг, сиз ҳимоя қилган, сиз севган ва сизни ҳеч қачон уялтирмаган бу халқ номидан сизга раҳмат, минг бор ташаккур,- деди ўз мотам нутқида вице-президент Мадуро дунёни тарк этган Чавесга мурожаат қилароқ.

Венесуэла расмийлари Уго Чавес вафоти муносабати билан етти кунлик мотам эълон қилдилар, дея хабар қилади Reuters мамлакат ташқи ишлар вазири Элиас Хауа баёнотига иқтибосан.

8 март, жума куни бўлиб ўтадиган дафн маросимига қадар собиқ президентнинг жасади Каракас шаҳридаги Венесуэла ҳарбий академияси ҳудудида бўлади. Чавес қаерга дафн этилиши ҳозирча номаълум, дея хабар қилади France-Presse агентлиги.

Чавес билан видолашув расмий маросимига Лотин Америкасининг қатор давлат раҳбарлари таклиф этилади. Умумий ҳисобда, Чавес билан видолашув уч кун давом этиши айтилмоқда.

Венесуэла президентининг ўлими муносабати билан Аргентина ва Эквадорда уч кунлик, Кубада эса икки кунлик мотам маросими эълон қилинган.

Эронда ҳам Чавес вафоти муносабати билан чоршанба куни мотам куни деб эълон қилинди.

Уго Чавес вафоти муносабати билан Лотин Америкасидаги қарийб барча мамлакатлар лидерлари, Канада бош вазири ҳамда БМТ бош котиби Бан Ки Мун таъзия изҳор қилди. Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг Лондон Венесуэла етакчиси вафотидан қайғуда эканини изҳор қилди.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам "Россия дўсти" бўлган Чавес ўлими муносабати билан Венесуэлага ҳамдардлик билдирди. Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин эса Чавес ўлимини “фожеа”, деб атади.

АҚШ Президенти Барак Обама Чавес вафоти муносабати билан берган баёнотида Венесуэла халқига бардамлик тилади ва мамлакатнинг янги раҳбарияти билан “конструктив муносабатлар” қурилишига умид билдирди.

Венесуэла мухолифати лидери ва Чавеснинг президентлик сайловларидаги асосий рақиби бўлган Энрике Каприлес ҳам таъзия изҳор қилиб, мамлакат элини қийин пайтда жипслашишга чақирди.

Уго Чавес 2011 йилда саратон ташхиси қўйилганидан бери у тўртта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган эди.

Учинчи операциядан кейин у саратондан тўла фориғ бўлганини эълон қилиб, ўтган йилнинг октябр ойида яна бир муддатга президентликка сайланган эди.

Бироқ 2012 йилнинг 11 декабр куни ўтказилган тўртинчи жарроҳлик амалиётидан бери Чавес жамоатчиликка кўриниш бермай келаётган эди.

Чавес ўлими эълон қилинишидан бир неча соат аввал Венесуэлла ҳукумати унинг саратон хасталигига чалинишида АҚШнинг қўли борлигини иддао қилди. Расмий Вашингтон бу иддаоларни рад этди.

Венесуэлада мавжуд тартибга кўра, президент вафотидан кейин 30 кун ичида янги президентлик сайлови ўтказилади. Бунгача давлатни вице-президент Николас Мадуро бошқариб туради. Айни пайтда Чавес навбатдаги президентлик сайловида ғалаба қозонганидан кейин касаллик туфайли қасамёдга келтирилмагани бунга монеъ бўлиши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Венесуэла ҳарбий қўмондонлиги вице-президент ва парламентга содиқ қолишини билдириб бўлди ва мамлакат халқини осойишталикни сақлашга чақирди.

Венесуэла ташқи ишлар вазири Элиас Хауага кўра, Чавес вафотидан кейин муддатдан олдинги президентлик сайловлари бир ойдан кечиктирилмаган муддатда ўтказилиши керак, унгача эса давлат раҳбари вазифасини вице-президент Николас Мадуро бажариб туради.

Моҳир нотиқ ва омма меҳрини қозонган автократ Чавес Венесуэлани 14 йил бошқарди.

Уго Чавес 1954 йилда ўқитувчилар оиласида туғилган. Ёшлигидан бейсболга қизиққан Чавес Венесуэла Ҳарбий академиясида таҳсил олди.

Ўқишни тугаллаб 1975 йилда Венесуэла қуролли кучлари сафларида ҳарбий десантчи бўлиб хизмат қилди ва полковник даражасигача кўтарилди.

Собиқ полковник десантчи Чавес 1992 йилда давлат тўнтаришига ҳаракат қилганликда айбланиб, қамалди ва икки йил ўтиб, авф этилди.

Қамоқдан чиққанидан сўнг Уго Чавес 1994 йилда Бешинчи Республика деб аталувчи сўл ҳаракатига асос солди.

Уго Чавес 1998 йилда давлат тепасига келгач, нефт ва ишлаб чиқаришнинг бошқа асосий соҳаларини деярли миллийлаштиришга эришади.

Лотин Америкаси бўйича мамлакатда энг юқори минимал ойликни таъминлайди ва шу орқали аҳоли меҳрини қозонади.

Уго Чавес социализм ғоялари тарафдори ва айни пайтда ғарбга қарши танқидий фикрлари билан ҳам танилган эди.

У Испаниянинг 1996-2004 йиллари бош вазири бўлган Хосе Мария Аснарни "фашист", АҚШ собиқ президенти Жорж Бушни эса "шайтон" деб атаган.

Айни пайтда, Чавес Россия ҳукумати билан яхши алоқалар ўрнатган. У Венесуэлани Россиядан катта миқдорда қурол сотиб оладиган давлатлардан бирига айлантирган.

Уго Чавеснинг Венесуэлада қишлоқ аҳолиси ва шаҳарлик камбағал қатлам орасида ҳурмати бўлган. Бироқ, жамиятнинг бой ва ўқимишли қисми унинг сиёсатини кўп ҳам ёқламаслиги айтилади.

Уго Чавес ўтган йили октябрда ўтказилган президентлик сайловида ғолиб чиққан ва шу йил 10 январида президентлик қасамёдини қабул қилиши керак эди.

Бироқ, саломатлиги туфайли у қасамёд қабул қила олмади, Венесуэла Олий маҳкамаси инаугурация маросимини кечроқ ўтказиш мумкин, дея қарор чиқарган эди.

Чавес вице-президент Николас Мадурони ўзининг вориси деб эълон қилган. Мамлакат Конституциясига мувофиқ Венесуэла Конгресси раҳбари Диосдадо Кабелло сайловларгача муваққат президентлик вазифасини қўлга олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG