Линклар

logo-print

Россия Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ўз ҳудудига олиб кирилиши учун “яшил йўлак” очмоқчи. Қирғизистон сиёсий раҳбарияти бу йўлак 5 мартдан очилишини билдирган эди. Аммо ҳукумат тузилмалари бу маълумот ҳақиқатга зид эканини айтмоқда.

Москва Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларини ўз ҳудудига киритиш учун “Яшил йўлак” очиши ҳақида Россия божхона хизмати раҳбари Андрей Белянинов феврал ойида Бишкекка қилган сафари чоғида билдирган эди.

-Мен Россия Федерацияси божхона хизмати раҳбари сифатида Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Россияга киритиш учун “яшил йўлак” очиш ташаббусини кўтардим. Бу ҳолатда Қирғизистон учун бож тўловлари енгиллатилади. Бундан мақсад Қирғизистонни Божхона иттифоқига жалб қилишдир, - деган эди Андрей Белянинов.



Қирғизистон расмийлари шундан сўнг “Россия 5 мартдан бошлаб “яшил йўлак”ни очади”, деб эълон қилган эди. Бироқ бу муддат ўтган бўлса-да, ваъда қилинган “йўлак” очилмади. Қирғизистон божхона хизмати расмийси Абдилда Малдибаевнинг айтишича, ҳозирча “яшил йўлак” қачон очилиши маълум эмас.

- 5 мартдан бошлаб “яшил йўлак” очилади деган гап ёлғон бўлиб чиқди. Бу иддао фақат Қирғизистон томонидан бўлаяпти. Айни пайтда эса Россия ва Қирғизистон божхона хизматлари ўртасида бож тўлаовларини енгиллатиш юзасидан музокаралар ўтаяпти, холос, -деди Абдилда Малдибаев.

Қирғизистон иқтисод вазири ўринбосари Олег Панкратовнинг айтишича, “яшил йўла”нинг очилиши ортидан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Россияга экспорт қилиш имконияти кўпаяди. Олег Панкратов, шу билан бирга, Қирғизистоннинг Бож иттифоқига қўшилиши масаласида ҳам сўзлашувлар кетаётганини айтди.

-Икки томон тасдиқлаган иш режаси бор. Мана шу режа асосида иш кетаяпти. Сиёсатчилар ҳар қандай таҳминларни айтишаяпти. Бироқ Божхона иттифоқига қўшилиш юзасидан ишлаб чиқилган режани ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Режага асосан Божхона иттифоқига қўшилиш асослари 2013 йилнинг охиригача якунланиши керак, -деди Олег Панкратов.

Расмийнинг айтишича, Божхона иттифоқига қўшилиш масаласи фақат 2014 йилдагина парламент муҳокамасига киритилиши мумкин.

Айни пайтда қирғизистонлик бир қатор сиёсатчилар Божхона иттифоқига қўшилиш ғоясини кесин танқид қилмоқдалар. Қирғизистоннинг собиқ молия вазири Акилбек Жапаров, агар Қирғизистон Божхона иттифоқига кирса Хитой чегаралари ёпилиши мумкинлигини айтади. Чунки Божхона иттифоқига қўшилиш ортидан Қирғизистон Хитой маҳсулотларини Қозоғистон, Белорус ва Россияга реэкспорт қилиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу эса Қирғизистонда ўн минглаб одамларнинг ишсиз қолишига сабаб бўлади.

XS
SM
MD
LG