Линклар

Тожикистонда қишлоқ мактаби ўқитувчилари армиядан озод этилди


Тожикистон парламенти 6 март куни “Таълим тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритди. Мазкур қонун жамиятда ўқитувчининг роли ва эътиборини оширишга қаратилгани айтилмоқда.


Тожикистон таълим вазири Нуриддин Саидов 6 март куни Озодликнинг тожик хизматига берган интервьюсида янги қонунга биноан бундан буён қишлоқ жойлардаги мактабларда ишлайдиган ўқитувчилар армия хизматидан озод қилинажагини маълум қилди.

- Муаллимларни армияга чақириш билан биз 20-25 нафар ўқувчини ўқитувчисиз қолдираяпмиз, - деди таълим вазири.

Саидов қабул қилинган қонунга қарамай, ёш педагог армияга чақирилган тақдирда, у бу ҳақда Таълим вазирлигига хабар бериши лозимлиги, вазирлик эса ноқонуний чақириқ борасида ҳарбий прокуратурага мактуб йўллашини қайд этди.

12 йиллик таълим тизимига ўтиш муаммоси ҳақида ҳам тўхталган вазир бу масалани ҳал қилиш 2020 йилга қолдирилганини, чунки бу тизимга ўтиш учун ҳозир маблағ йўқлигини билдирди.

Тожикистон парламенти томонидан бугун тасдиқланган Таълим тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририда ўқитувчининг шаъни ва обрў-эътибори давлат ҳимоясида экани урғуланади.

Янги қонунда тоғли ҳудудларда ишлайдиган ёш ўқитувчиларга уй қуриш учун ер участкаси ажратиш, Мурғоб каби баланд тоғли жойларда ишлайдиган муаллимларга қўшимча тўловлар тўлаш каби айрим имтиёзларни кўзда тутади.

Аммо бу имтиёзлар билан, исми ошкор қилинишини истамаган тожикистонлик суҳбатдошмизга кўра, тожик жамиятида ўқитувчининг эътибори юксалиб қолмайди.

Унинг фикрича, давлат расмийлари ўқитувчиларга чиндан ҳам ёрдам беришни истаса, энг аввало, уларнинг ойлик маошларини ошириши лозим.

- Масалан, ўқитувчи бўлиб ишлайдиган яқинларимдан бири 400 сомоний (тақрибан 85 АҚШ доллари – таҳр.), бошқа бири эса 500 сомоний (тақрибан 105 АҚШ доллари – таҳр.) маош олади. Мева-сабзавот ва ун ўзидан чиқадиган қишлоқ жойларда ҳам бу пул ўртача 4 кишидан иборат оиланинг эплаб кун кечириши учун аранг етади, холос. Кўп йиллик иш тажрибаси бўлган яна бир ўқитувчи танишим 700 сомоний (150 АҚШ долларига яқин – таҳр.) ойлик олади. Аммо, биласизки, бизнинг халқ тўй қилиш, уй-жой қуриш ташвиши билан яшайди. Ўқитувчилар оладиган ойлик билан эса бу ишларни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун у танишим ҳозир Россияда ишлаб келиш учун ҳужжат йиғаяпти, - дейди тожикистонлик суҳбатдошимиз.

Унинг фикрича, давлат тожикистонлик ўқитувчилар моддий аҳволини ўнглаш учун реал чора-тадбирлар кўрмас экан, бу олий маълумотли муаллимлар Россиядаги мардикорлар армияси сафини тўлдиришда давом этаверади.
XS
SM
MD
LG