Линклар

“Билайн” мижозлари сони 10 миллиондан ошди


"МТС-Ўзбекистон" фаолиятини тўхтатган дастлабки пайтларда "Билайн"нинг Тошкентдаги офиси (суратда) олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлганди.

"МТС-Ўзбекистон" фаолиятини тўхтатган дастлабки пайтларда "Билайн"нинг Тошкентдаги офиси (суратда) олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлганди.

“Билайн” Ўзбекистон уяли алоқа бозорида мижозлари сонини 10 миллиондан оширолган биринчи алоқа операторига айланди.


Маҳаллий ахборот агентликларининг хабар қилишларича, ўтган йили “Билайн” савдо белгиси остида ишлайдиган Vimpelcom Ltd корхонасининг Ўзбекистонда топган фойдаси 463 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Маълумотларга кўра, Vimpelcom Ltd ўтган йил якунларига кўра ўз мижозлари сонини 60 фоизга ошириб, 10 миллион 194 минг кишига етказишга муваффақ бўлган.

2012 йилнинг тўртинчи чорагида “Билайн”га уланган ҳар бир абонент алоқа учун ўртача 5,3 АҚШ доллари сарфлаган.

“Билайн” оператори мижозлари сонининг бирданига ўсиб кетишига, кузатувчиларга кўра, ўтган йили “МТС-Ўзбекистон” мамлакат алоқа бозоридан чиқиб кетиши сабаб бўлган.

“МТС-Ўзбекистон” савдо белгиси остида ишлайдиган ва 9 миллиондан кўпроқ абонентга эга бўлган “Ўздунробита" мобил ширкати ўтган йил ёзидан фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганди. Икки кун муқаддам эса “Ўздунробита" кредиторлари йиғилиш ўтказиб, ширкатнинг банкрот деб тан олиниши ва уни тугатиш жараёнини бошлаш тўғрисида судга илтимоснома жўнатди.

МТС ширкати расмийси Шамил Байгинга кўра, банкротлик ҳақидаги узил-кесил қарор Тошкент шаҳар хўжалик судининг 11 мартда бўладиган мажлисида қабул қилиниши керак.

Тошкент шаҳар Хўжалик судининг 2012 йил ноябрида чиқарган қарорига мувофиқ, "Ўздунробита" ширкати ўз зиммасига юклатилган 600 миллион долларлик молиявий даъволарни саккиз ой муддат ичида тўлаб битириши керак эди.

15 январ куни суд томонидан белгиланган жариманинг навбатдаги қисми тўланиши лозим эди, аммо ширкатнинг Ўзбекистондаги ҳисоб рақамида пул қолмагани боис бу талабни бажара олмаган.

Шундан сўнг 16 январ куни "Ўздунробита" Тошкент шаҳар Хўжалик судига банкротлик тўғрисида ариза топширган.

Агар 11 март куни Тошкент хўжалик суди "Ўздунробита" кредиторлари қабул қилган қарорни қўлласа, Ўзбекистон Республикасининг "Банкротлик тўғрисида"ги қонунига мувофиқ, ширкат 12 ой ичида тугатилиши керак.

Айни пайтда Тошкент шаҳар Хўжалик суди бошқача қарор чиқариши ёки суд мажлисини бошқа кунга қолдириши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Ўтган йил сентябр ойида Ўзбекистон ҳукумати "Ўздунробита" мулкларини ўз тасарруфига олиб, ширкат расмийларини жавобгарликка тортган.

Июн ойи охирида Бош прокуратура "Ўздунробита"нинг ҳибсга олинган тўрт расмийсига нисбатан жиноий иш очган. Улар молиявий ўғрилик учун уч йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Август ойида Тошкент шаҳар Хўжалик суди Ўзбекистон Коммуникация ва ахборот технологиялари агентлигининг "Ўздунробита"га берилган лицензияни бекор қилиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган.

"Ўздунробита"нинг Ўзбекистон алоқа бозоридан чиқиб кетиши мамлакатдаги бошқа операторлар мижозлари сонини оширибгина қолмай, уларни алоқа сифатини яхшилаш учун қўшимча сарф-харажатларни амалга оширишга ҳам мажбур қилган.

Хусусан, бугунги кунда мижозлари сони 10 миллиондан ошгани айтилаётган “Билайн”нинг ўтган йилги капитал харажатлари, ширкат расмийлари тарқатган маълумотларга кўра, 137 миллион АҚШ долларидан ошиб кетган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG