Линклар

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Тошкент ва вилоят бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари¸ қолаверса аёллар учун байрамда энг гўзал совға ҳисобланадиган гулнинг нархи кескин ошиб кетди.


Бу йил ўзбекистонлик эркакларнинг 8 март куни аёлларга совға –салом улашиш ва байрам дастурхонларини ясатиш учун кўпроқ пул харжлашига тўғри келади.

Тошкент бозор ва дўконларида гул 50 фоизга қимматлади - бир дона атиргул байрам арафаси 15 минг сўмдан сотилмоқда:

- Одатда уч-тўрт минг сўм турадиган гул 15 минг сўм. Совға учун бир дона атир гул олмайсизку, дейди аёлига совға олиш учун бозорга чиққан тошкентлик Бахтиёр ака.

Тошкентдаги гул дўконларида эса нархлар ундан ҳам баланд:

- Ўртача букет нархи 80 минг сўм (30 доллар) атрофида. Эртага яна ошиши мумкин, чунки талаб ошса нарх ҳам ошади-да, дейди “Beauty Rose” гул дўкони сотувчиси Анна.

Тошкентнинг Миробод бозорида гул сотадиган Аҳмаджоннинг айтишича, 8 март куни гул қимматлаши табиий ҳол:

- Аёллар байрамда гул билан хурсанд бўлади-да, аёлларга гул бериш керак. Асосан эркаклар атир гул олишади. Менда атир гулни донаси 12-15минг сўм. Эртага яна қимматлайди, ҳаво совуқ қор ёғади деяптику, дейди тошкентлик гул сотувчиси Аҳмаджон.

Аҳмаджоннинг айтишича, гул нархини сотувчилар эмас, “поставшик”лар белгилайди:

– Менга қолса, байрам куни гулларни аёлларга бепул бериворардим (кулади). Бизга бугун шу нархда, эртага шу нархда сотасан дейди-да. Мен уларни ўрнида бўлсам байрам куни гулни арзонлатган бўлар эдим, дейди Аҳмаджон.

Нарх-наво қимматлигига қарамай 8 март арафаси Тошкентнинг “Le Buton” гул дўкони сотувчилари тиним билмайди:

- Ҳозир гаплашишга ҳам вақтим йўқ, xаридорлар, буюртмачилар жуда кўпайиб кетган. Бизда гулни ўзи сотилмайди, совға компазициялари ва безаклари билан сотамиз. Харидор кўпайган, эртага яна кўпаяди¸ дейди Тошкентдаги “Le Buton” дўкони сотувчиси Светлана.

Тошкентдаги атир-упа дўконлари ҳам байрам арафаси харидорларга тўла:

– Савдо қайнаяпти, қўлларига илган брендларни олиб кетишaяпти. Албатта, ҳар кимни вкуси ҳар хил, лекин 8 март арафасида ҳаммаси кетади, дейди “Begim Perfum Gallery” дўкони сотувчиси.

Ўзбек аёлларининг байрам орзуси уларнинг молиявий ҳолатига қараб тафовутланди.

Кимдир 8 мартда қимматбаҳо француз атирини, кимдир бир даста гул, кимдир эса ҳеч бўлмаса байрам куни дастурхони бут бўлишини орзу қилади.

Тошкентлик Муҳаббат опа учун 8 март куни уйидаги музлатгичнинг егуликлар билан тўла бўлиши байрам:

- Биласиз, Ўзбекистонда ҳозир яшаш қийин. Байрам куни мен учун муҳими дастурхон, ундан ортса гул. Лекин, ҳозирги аҳволда пулимиз дастурхондан ортмаяпти, дейди Муҳаббат опа.

Пойтахтликларнинг Озодликка айтишича¸ байрам арафаси бозорларда умумиятла нарх-наво, хусусан, озиқ-овқат нархлари кўтарилди. Тошкентда шу кеча-кундузда картошка, пиёз ва сабзи 1000 сўмга чиққан:

- Мол гўшти 15-17 минг сўм, қўй гўшти 18 минг сўмга етган, ўсимлик ёғининг бир литри 7000 сўмдан ошган, ун бир килограмми 2000-2500 сўм. Байрам бизга қанчага тушишини тасаввур қилаверинг. Лекин, аёлларимиз учун ҳеч нарсани аямаймиз, айниқса¸ уларнинг байрами куни, дейди тошкентлик Бахтиёр ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG