Линклар

Россиядаги қайдга олинмаган “Новая сила” сиёсий партияси 6 март куни мамлакат президенти Владимир Путин маъмуриятига тақдим этган талабномада Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари билан виза режими жорий қилиш сўралди.

Россиядаги қайдга олинмаган “Новая сила” (“Янги куч”) сиёсий партияси мамлакат президенти Владимир Путин маъмуриятига 100 минг киши имзолангани айтилаётган ҳужжатни тақдим этди. Бу талабномага имзо чекканлар Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари билан виза режимини жорий қилишни сўрамоқда.


2013 йилнинг январ ойида “Новая сила” ташкилоти Интернетда “Стоп миграция!” оммавий ҳаракатини бошлаб, петицияга 100 мингдан ортиқ фуқаро имзосини йиғишга эришди, дея хабар берли Озодлик мухбирига ташкилот расмий вакили Артём Тюрин:

- Петицияни топширдик, жавоби 30 кун давомида берилади. Чунки уни текширишга ҳам вақт кетади. Аммо бу охирги талабнома эмас - минтақалардан келаётган ҳужжатларни ҳисобга олиб унинг ортидан яна бир неча минг овоз жўнатилиши кутилмоқда. Интернетдаги кампаниямиз ҳам якунига етгани йўқ, у давом этаяпти. Ҳозирча виза режимини жорий қилишга 100 минг киши овоз берди. Ҳаммаси текширилиб, талабнома кейин Давлат Думасига топширилади. Акциямизга тарафдор йиғиш жуда катта муаммо бўлмаса керак, деб ўйлаяпмиз, дейди петицияни президент девонига топширишда иштирок этган “Новая сила” партияси фаоли Артём Тюрин.

“Мигрантлар жиноятчилик ва наркотик, юқумли касалликларнинг кириб келишига, маош ва даромадларимизнинг камайишига сабабчи бўлмоқда. Бу бузғунчи тўлқинни тўхтатиш мумкин ва зарур. Ноқонуний миграциянинг асосий оқими келаётган собиқ Совет Марказий Осиёси ва Кавказорти давлатлари билан виза режими жорий қилиш керак”, дейилади лавҳа эфирга тайёрланаётганида 107 084 киши имзолаган петиция муқаддимасида.



Ҳаракат ташаббусчиси, ҳозирча давлат қайдидан ўтмаган “Новая сила” партияси етакчиси Валерий Соловей Озодлик билан суҳбатда Россия президенти Владимир Путин ўз чиқишларидан бирида “жумладан Интернетда, 100 минг овоз йиққан ҳар қандай ташаббус, Россия ҳукумати томонидан кўриб чиқилиши керак”, дея таъидлаганига таяниб бу акцияга қўл урганини гапиради:

- Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатлари билан виза режимининг жорий қилиниши акциямизнинг асосий мақсадидир. Бу бизнинг стратегик режамиз. Жорий вазифамиз эса “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонунга янги ўзгартишлар киритишдир. Ундаги айрим моддаларга биноан, масалан, Россия фуқаролигини олиш учун рус тилини билиш ҳам, мамлакат ҳудудида даромад манбаига эга бўлиш ҳам шарт эмас. Бундай тартиб дунёнинг бирорта мамлакатида йўқ! Биз таклиф этаётган қўшимчалар миллионлаб ноқонуний муҳожирнинг легаллашишига олиб келади, дея ишонтирди “Новая сила” партияси раҳбари Валерий Соловей.

Соловей иқтибос келтирган Путиннинг петициялар тўғрисидаги фармонида, ҳужжатни кўриб чиқаётган экспертлар комиссияси талаблар “давлат манфаатларига мос келмаган вазиятда”, 100 мингдан ортиқ овоз йиққан петиция ҳам инобатга олинмаслиги мумкинлиги айтилади.

Акция ташаббусчиларига кўра, “зудлик билан” жорий қилиниши талаб этилаётган виза режими Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳамда Арманистон ва Озарбайжон билан ўрнатилиши керак.

Путин номига юборилган номага Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев овоза қилган маълумотлар илова қилинади. Вазир Москвада содир этилаётган қотилликларнинг 70 фоизи, зўрлашларнинг 70 фоизи, ўғирликларнинг 50 фоизи ва умумлаштирилганда, оғир жиноятларнинг 50 фоиздан зиёдроғи муҳожирлар томонидан содир этилаётганини таъкидлаган.

Бироқ бу ҳужжатда “мигрантлар” деганда Шимолий Кавказ ёки Россиянинг бошқа минтақаларидан Россия пойтахтига келганлар ҳам тушунилишига эътибор берилмайди.

Валерий Соловей ўзи бошқараётган норасмий ташкилот ташаббуси Думадаги йирик сиёсий бирлашма ва фракциялар томонидан қўллаб-қувватланишини айтади.

- Бунинг таъсири аллақачон сезилди. Бизни Компартия фракцияси қувватлади – уларнинг ўзлари Марказий Осиё билан виза жорий қилишни таклиф этди. Ишонинг, бироз муддатдан кейин унга ЛДПР қўшилади, кейин қолган сиёсий кучлар, партиялар ва сиёсий раҳбарият бирин-кетин қўшилишга мажбур бўлади. Чунки бу муаммо Россия учун жуда долзарб ва Россия сиёсий элитаси миграция миллий хавфсизлигимизга жиддий хавф туғдираётганига сидқидилдан ишонади, деди Озодлик билан суҳбатда мигрантларни Россиядан кеткизиш тарафдори бўлган “Новая сила” партияси раҳбари Валерий Соловей.

Россия Федерал миграция хизмати тарқатган рақамларга биноан, 2012 йилда Россия ҳудудига қарийб 16 миллион муҳожир кириб келган.Бир неча йилдирки, Россияга келаётган меҳнат муҳожирлари сони бўйича биринчиликни Ўзбекистон Республикаси эгаллаб келмоқда: расмий хабарларда ҳозирда Россияда 2 миллион 318 минг ўзбек муҳожири истиқомат қилаётгани кўрсатилган.

Идора 2013 йилда Россияга 17 миллиондан зиёдроқ мигрант келишини тахмин қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG