Линклар

logo-print
“Ўзбектелефилм” студиясида Тошкентдаги телефон ширкатини ларзага солган қиз ҳақида 100 сериялик филмнинг дастлабки 10 серияси суратга олинди.

“Ҳаëт пиллапоялари” деб номланган бу филм Ўзбекистон ҳукуматининг “Миллий сериал” лойиҳаси асосида Тошкентдаги "Медиацентр" павильонларида суратга олинмоқда.

Сериални суратга олаëтган 26 яшар ўзбек киночиси Андрей Африн Озодлик билан суҳбатда бу филмни Марказий Осиëдаги энг катта кинолойиҳа деб атади:

- 860 квадрат метр жойни эгаллайдиган улкан суратга олиш майдони яратдик. Бу майдонда қўл телефони ширкати офиси¸ иккита турар жой ва касалхона палатасини тамсил қилган макетлар жойлашди. Корея сериал саноати русумидаги бу суратга олиш тизимида учта камера билан узлуксиз тасвирга олиш имкони яратилди. Шу билан бирга Марказий Осиëда илк бор тасвир билан бирга жонли овоз ëзиш имкони яратилди. Биласиз шу пайтгача олдин тасвир ëзилиб, кейин овозлантирилар эди¸ дейди ўзбек киночиси.

Суҳбатдошга кўра¸ филм воқеалари Тошкентдаги телефон ширкатларидан бирида бўлиб ўтади:

- Воқеалар Дилафрўз исмли кучли ирода соҳибаси бўлган қиз призмаси орқали кўрсатилади. Муҳаббат¸ xиëнат каби абадий мавзулар билан бирга филмда аxлоқий тозалик¸ ноҳалол бизнес муҳити ва xатоларни тузатиш каби ҳолатлар тасвирланади. Бу сериал аввалига оддий кўринган қизнинг катта обрў-эътиборга ва улкан таъсирга эга нуфузли шаҳсиятга айланиш жараëни ҳақида¸ дейди филм муаллифи Андрей Африн Озодлик билан суҳбатда.

"Нега бу кинодаги воқеалар қўл телефони ширкатида бўлиб ўтади?" деган саволимиз замиридаги ишоратни тушунган Африн филмнинг МТС ширкати билан боғлиқ воқеаларга алоқаси йўқлигини айтади:

- Ҳаммани хаëлига шу гап келаяпти - МТС билан параллел қилишяпти. Лекин бу филм идеяси МТС банкрот бўлмасидан олдин юзага келган. Мен ўзим Билайн қўл телефони ширкатида ишлаган эдим олдин. Шу боис кучли иродали аëл ҳақидаги филм учун телефон ширкати яхши фон бўлади¸ деб ўйлаганман¸ дейди Андрей Африн Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошимизга кўра¸ суратга олиш ишларига 30 дан ортиқ мутахассис жалб қилинган; 100 дан ортиқ ўзбек актëри сериалда турли ролларни ижро қилишмоқда.

"Филмнинг дастлабки 20 қисми шу йилнинг май ойида намойиш қилинади"¸ дейди Андрей Африн.

Айни пайтда¸ шу кунларда Андрей Африн суратга олган”Чемпионлик орзуси” деб номланган 40 қисмлик сериал Ўзбекистон телеканалларида намойиш қилинмоқда.

Ўзбекча сериал фабрикаси

Ўтган йил бошида ўзбек эфир ҳудудини хорижий сериаллар ишғолидан ҳимоя қилиш мақсадида"Ўзбектелефилм" кўп қисмли филмларни суратга ола бошлаган эди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган "Ўзбектелефилм" бадиий филмлар ва сериаллар ишлаб чиқариш бўлими раҳбари¸ санъатшунос Зебо Ҳасановага кўра¸ янги кинотехнология билан жиҳозланган “Медиамарказ” рақобатбардош филмлар олиш учун имконият яратган. Рақамли технологияга асосланган студия 21 камера ва махсус кранлар билан жиҳозланган.

Озодлик билан суҳбатда Зебо Ҳасанова янги студияда «Салом Тошкент», «Кадр ортида», «Менинг шаҳрим», «Ўзбегим либослари», «Ош бўлсин», «Катта танаффус», «Ўзбек адабиёти», «Кўзмунчоқ» ва бошқа дастурлар суратга олиниб эфирга узатилганини айтган эди:

- Ўзбекистонда ўсмирлар ва болалар аудиторияси жуда катта ва бу сегмент шуурини қамраш учун ҳам махсус сериаллар олиш ниятимиз бор¸ деган эди суҳбатдош.

Зебо Ҳасановага кўра¸ “Ўзбектелефилм”да тақиқланган мавзулар йўқ.

"Ўзбектелефилм" студияси 2011 йилдан бошлаб “Миллий сериал” деб номланган улкан лойиҳа ижросига киришди.

Ўзбек ойнаи жаҳони корейс¸ турк ва Мексика сериаллари ишғолидан қутулиб¸ ўз томошабинларини ўзбекча сериаллар билан сийламоқчи.

Шу пайтгача Ўзбекистонда суратга олинган сериаллар аксариятининг охирига етмасдан тугаб қолаëтгани томошабинлар таажжубига сабаб бўлган эди.

"Ҳозир суратга олинаëтган сериалларни бундай қисмат кутмаяпти"¸ деб ишонтиришди Озодлик мухбирини сериал ижодкорлари.
XS
SM
MD
LG