Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:15

Чавезни халоскорга чиқаргани учун Аҳмадинажод балога қолди


Маҳмуд Аҳмадийнажод венесуэлалик ҳамкасби Уго Чавез билан маслакдош эди.
Маҳмуд Аҳмадийнажод венесуэлалик ҳамкасби Уго Чавез билан маслакдош эди.
Венесуэланинг 5 март куни вафот этган президенти Уго Чавезни Исо Масиҳ ва Яширинган имомга тенглаштириб¸ дунëга тинчлик ва адолат бериш мақсадида қайта тирилишини башорат қилган Эрон президенти ўз юртида ҳам кескин танқид ëмғири остида қолди.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг Чавез вафотидан сўнг қилган баëноти дунë бўйлаб кулгу-масхарага сабаб бўлаëтган бўлса¸ Эроннинг ўзида ҳам кескин танқидларга учрамоқда.

5 март куни Чавез ўлимига ўз вебсаҳифасида муносабат билдирган Аҳмадийнажоднинг балки ўзи чин юракдан ишониб ëзган бу гаплари Эрон руҳоний расмийлари¸ қолаверса расмий матбуот томонидан салбий қарши олинди.

Яширинган имом шиа мазҳаби расмий диний мафкура бўлган Эронда муборак шахс ва аксар шиалар унинг инсониятни қутқариш учун дунëга қайтишига ишонадилар.

Ислом дини пайғамбар деб тан олувчи Исо Масиҳ ҳам¸ мусулмонлар ишончига кўра¸ Қиëмат кунида сохта халоскорларни фош қилиш учун қайта тирилади.

Эронликлар орасида қанчалик танилган бўлмасин¸ Венесуэланинг сўлчи президенти Чавезга халоскорлик мақомини бериш билан Аҳмадийнажод¸ Эрон матбуотида пайдо бўлган чиқишлардан кўрилишича¸ куракда турмайдиган гап қилган.

“Мен президентнинг бу гапини бўрттириш деб биламан”¸ деди Эрон ахборот агентлиги иқтибос келтирган Теҳрон Жоме масжиди имоми Оятуллоҳ Саййид Аҳмад Ҳотамий.

"Мантиққа кўра¸ президентимиз Венесуэла халқига ҳамдардлик билдириши лозим эди. Буни мафкура билан аралаштириш¸ назаримда¸ маъқул бўлмаган иш”¸ деди ўз консерватив қарашлари билан танилган Теҳрон имоми ва Аҳмадийнажодни келажакда бундай баëнотлардан тийилишга чақирди.

Исломий жумҳуриятдаги машҳур хабар агентликларидан бири Табнак¸ олис Венесуэла президентининг ўлими Эрон сиëсий муҳитига таъсир кўрсатаëтганига норозилик билдирди.

"Аввалига президент Чавезни инсоният халоскорига чиқарди. Эртасига Эронда Чавез ўлими муносабати билан бир кунлик мотам эълон қилинди”¸ деб танқид қилди кейинги воқеаларни Эрон нашри.

Чавез ҳақидаги баëнот Аҳмадийнажоднинг Эрон руҳонийлари танқидига учраган илк чиқиши эмас. 2005 йилда ҳокимиятга келган Аҳмадийнажод Яширинган имом¸ ëхуд Имом Маҳдийни бу дунëга тезроқ қайтаришга ваъда берган эди.

Бундан ташқари Аҳмадийнажоднинг ўз ҳукумати амалга ошираëтган ишлар¸ хусусан ташқи сиëсат раҳнамоси Яширинган имом экани ҳақидаги баëноти ҳам Эрон оятуллоҳларининг ғазабини қўзиган эди.

Айни пайтда¸ Аҳмадийнажоднинг Яширинган имомнинг тез орада қайтиши ҳақида тез-тез ваъда қилиши оддий эронликларнинг умидига туртки бўлмоқда.

Айтилишича¸ имом Маҳдий қайтиши башорат қилинадиган сешанба кунлари Қумдаги Жамкаран зиëратгоҳи минглаб зиëратчига тўлиб кетади. Айни шу жойдаги қудуқда аввал бир бора кўриниш берганига ишониладиган имом Маҳдийдан ўз дуо ва илтижолари ижобатини сўраëтган бу зиëратчилар ўз тилаклари ëзилган қоғозларни¸ айтишларича¸ ана шу қудуққа ташлайдилар.

Аҳмадийнажод ва унинг атрофидагилар ҳам ҳар йили Жамкаранга бир неча бор зиëрат қиладилар ва айрим хабарларга кўра¸ президент давлат бюджети ва бошқа муҳим ҳужжатлар ëзилган қоғозларни имом Маҳдий кўриниш бериши кутиладиган қудуққа имомнинг кўриб чиқиши учун ташлайди.

Аҳмадийнажоднинг бундай ҳатти-ҳаракатлари унинг сиëсий мухолифлари эътирозига учраб келмоқда. Мухолифлари Аҳмадийнажодни муқаддас имомни ўз сиëсий мақсадлари йўлида суистеъмол қилишликда айблайдилар.
XS
SM
MD
LG