Линклар

logo-print
Пайшанба кунги маҳкама жараёнида Дмитриченко ўз бадиий раҳбари Сергей Филинга қарши ҳамла уюштириш нияти бўлганини яширмади, лекин Филиннинг юзига кислота сепиб кетилиши билан боғлиқ ҳодисага алоқаси бўлмаганини айтди:

- Сергей Филин юзига кислота сепишни мен уюштирганим ҳақидаги гаплар мутлақо ёлғон, мен буни қилганим йўқ, деди Дмитриченко.

17 январ куни номаълум шахс Филиннинг юзига кислота сепиб кетди. Юзи ва кўзлари жиддий жароҳатлангани айтилаëтган Филин Москвада бир неча бор операция қилиниб¸ ҳозирда муолажа учун Германияга олиб келинган.

Мазкур жиноят иши бўйича Болшой театр раққоси Павел Дмитриченко билан бир қаторда жиноятни бевосита содир этгани гумонланаётган Юрий Заруцкий ва ҳайдовчи Андрей Липатовлар ҳисбга олинди.

Улар Россия Жиноят Кодексининг "одам танасига қасддан оғир жароҳат етказиш" банди бўйича айланмоқда.

Айби исботланган тақдирда уларнинг ҳар бири 12 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Таганский туман судида кечган маҳкамада Дмитриченко ўз бадиий раҳбарига қарши ҳужумни уюштиришда Заруцкий билан тил бириктирганини тан олди, айни пайтда у Филинга жисмоний шикаст етказиш ниятида бўлмаганини айтди.

Дмитриченкога кўра, Филин юзига кислота сепиш, унинг режасида бўлмаган.

Полиция жамоатчиликка эълон қилган қисқа видеода Дмитриченко "Мен ҳужумни уюштирдим, лекин оқибатда юз берган ҳодисаларни уюштирмаганман", деб айтгани акс этган.

Россия Ички ишлар вазирлиги терговчиларига кўра, Болшой театр бадиий раҳбари Сергей Филинга ҳужум шахсий адоват асосида қилинган.

Дмитриченко ўз қаллиғига етакчи ролларни бермай келган театр бадиий раҳбари Филинга нисбатан адовати бўлганини маҳкамада яширмади.

Павел Дмитриченко 2002 йилдан бери Большой театрида ишлаб келади. У Сергей Прокофъевнинг "Иван Грозный" балетида бош ролни ижро этган.

Ўз навбатида Дмитриченко ўзини ҳибсда қолдириш ҳақидаги маҳкама қарори юзасидан шикоят қилмаслигини ҳам айтди.

Юзига кислота сепилган 42 ёшли Филин эса пайшанба куни Германияда яна бир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Уни кўзини тўрт соат операция қилган немис жарроҳлари амалиётнинг қийин кечгани, лекин муваффақиятли бўлганини айтишди.
XS
SM
MD
LG