Линклар

Республикачилар МРБ директорини тайинлашни пайсалга солмоқда


Пилотсиз учқичлар дастурининг асосий муаллифи Жон Бреннаннинг МРБ директори лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Пилотсиз учқичлар дастурининг асосий муаллифи Жон Бреннаннинг МРБ директори лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

АҚШ Конгрессидаги Республикачи сенаторлар президент Барак Обама Марказий разведка бошқармаси директори лавозимига кўрсатган номзод бўйича овоз беришни тўхтатиш уринишларини давом эттирмоқда. Жон Бреннан номзодига қарши чиқаётган республикачилар Оқ уй маъмуриятидан Американинг пилотсиз учқичлари мамлакат ҳудудида террорчиликда гумонланаётган АҚШ фуқароларига қарши қўлланилмаслигига оид аниқ кафолатларни талаб қилмоқда.



АҚШнинг Кентуки штатидан сайланган сенатор Ранд Пол 6 март куни, Жон Бреннаннинг Марказий разведка бошқармаси директорлигига тайинланишини атайлабдан пайсалга солиш ҳаракатларини бошлади.

Пол Обама маъмуриятидан Қўшма Штатлар террорчиликда гумонланган АҚШ фуқароларига қарши мамлакат ичкарисида пилотсиз учқичлар ишга солинмаслиги тўғрисида аниқ баёнот эълон қилишини талаб қилмоқда.

Сенаторлар Бреннан номзоди бўйича овоз беришни ортга суриш мақсадида 6 март куни тунгача қасддан узундан-узоқ нутқларни қилишда давом этди.

Бреннан номзоди тасдиқланиши учун, 100 кишилик сенатда 60та овоз тўплангунча сенаторлар истаганча нутқ сўзлаши мумкин. Шу боис кўпчилик овоз қачон тўпланишини аниқ айтиш қийин.

Жорий ҳафта бошида АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер сенатор Полга юборган мактубида, террорчиликда гумонланган америкаликларга қарши АҚШ ҳудудида пилотсиз учқичлардан ҳужум қилиниши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаслигини маълум қилди.

Ҳолдер ўз мактубида Обама маъмуриятининг бундай ҳужумни амалга ошириш “нияти йўқлигини” эътироф этган ҳолда, назарияда “фавқулодда вазият”, масалан, Иккинчи Жаҳон уруши пайтидаги Перл Ҳарбор ҳужуми ёки 11 сентябр ҳуружи каби ҳолат вужудга келиб қолгудек бўлса, буни эҳтимолдан соқит қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Қўшма Штатлар пилотсиз учқичлар ёрдамида Покистон, Афғонистон ва Яманда террорчиликда гумонланаётган нишонларга қарши мунтазам ҳужум уюштириб келади. Танқидчилар бундай ҳужумларда жанггарилар билан бирга кўплаб тинч фуқаролар ҳалок бўлаётганини айтиб келади.

АҚШда Оқ уй маъмурияти ҳужум амалга оширилиши муқаррар эканига оид хабарлар олинган ҳолда террорчиликда гумонланаётган америкаликларга қарши пилотсиз учқичларни қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолишига оид махфий ҳужжатлар ошкор этилиши ортида хавотирлар янграй бошлади.

Фуқаровий эркинликларни ҳимоя қилувчи фаоллар бундай ҳужумлар фуқароларнинг конституцияга кўра кафолатланган суд тергови ҳуқуқини бузади демоқда.

Чоршанба куни Вашингтон вақти билан тушда Сенатдаги нутқини бошлаган Ранд Пол жумладан бундай деди.

- Мен бугун Жон Бреннаннинг Марказий разведка бошқармаси раҳбарлигига тайинланишини пайсалга солиш мақсадида минбарга чиқдим. Мен чарчаб, гапира олмай қолгунимча гапираман. Мен мамлакатимизнинг бу соҳилидан нариги соҳилигача Конституциям муҳимлиги, сизнинг жюри томонидан суд қилиниш ҳуқуқингиз қимматбаҳо экани, ҳеч бир америкалик, Америка ерида, айблов эълон қилинмай туриб, суд томонидан айбдор, деб топилмагунча, пилотсиз учқич билан ўлдириб бўлмаслигини англаб етгунларича қанча вақт талаб қилинса, шунча гапираман,- деди вақтни чўзиш мақсадида нутқ бошлаган сенатор.

Бреннан ундан аввал Полнинг сўровига жавобан, МРБ Қўшма Штатлар ичида ҳалокатли операцияларни амалга ошириш ваколатига эга эмас, дея билдирди.

Пилотсиз учқичлар дастурининг асосий муаллифларидан бири саналган Бреннаннинг охир-оқибат Сенатдаги кўпчилик тарафидан МРБ директори лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Танқидчилар 2011 йил сентябрида Яманда АҚШнинг икки фуқароси мусулмон уламоси Анвар ал-Авлакий ва Самир Хонлар Амекриа расмийлари томонидан ҳеч бир айблов эълон қилинмаган ҳолда пилотсиз учқич ҳужумида ўлдирилганини қайд этишади. Бу воқеада икки ҳафта ўтиб, пилотсиз учқич ҳужумида Авлакийнинг Америкада туғилган 16 яшар ўғли ўлдирлган эди.

Расмийлар ал-Авлакий бир нечта ҳуруж, жумладан, 2009 йилда, Рождество байрами арафасида, Детройтга учиб кетаётган самолётда амалга ошмай қолган ҳужумни режалаштирганликка алоқадор бўлганини айтиб келади.

Пилотсиз учқичлар дастури Жорж Буш президентлиги даврида бошланган, лекин уларни ишлатиш кўлами Обама 2009 йилда иқтидорга келганидан бери сезилрали тарзда ошган.

АҚШ Сенатида қарор қабул қилинишини атайлаб пайсалга солишга қаратилган нутқ бўйича рекорд марҳум сенатор Стром Труммондга тегишлидир. У 1957 йилда Фуқаровий ҳуқуқлар актига қарши 24 соат давомида нутқ сўзлаган.
XS
SM
MD
LG