Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:18

"Бунёдкор" стадионида илк ўйин 26 мартда бўлади


Ўтган йилнинг сентябрида фойдаланишга топширилган Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида илк ўйин жорий йилнинг 26 март куни бўлиб ўтади.

Шу куни ЖЧ-2014 саралаш босқичидан ўрин олган Ўзбекистон-Ливан учрашуви бўлиб ўтади.

Бу ҳақда матбуотга маълум қилган "Бунёдкор" стадиони директори Воҳид Зокировга кўра, ҳозирда ўйингоҳ ФИФА талабларига тўла жавоб беради.

“Бунёдкор” стадиони очилиши ўтган йилнинг 28 сентябр куни катта тантаналар билан ўтказилган ва ўша куни стадионда “Бунёдкор” ва “Пахтакор” нинг ўртоқлик ўйини ўтказилган.

Ўйин давомида янги стадионга ётқизилган чим дабдала ҳолатга келиб қолганига барча томошабинлар гувоҳ бўлган.

Кузатувчиларга кўра, қурилиши тўрт йилга чўзилган стадион ўша пайтда тўла қуриб битказилмаган бўлсада, у фойдаланишга топширилган.

Германиянинг GMP фирмаси томонидан лойиҳалаштирилган спорт комплекси қурилиши 2008 йил бошланган ва кейинроқ тўхтаб қолган эди. Бунга “Бунёдкор” жамоасининг муассиси, Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган "Зеромакс" ширкатининг ёпилиши сабаб бўлган эди. Шундан сўнг тўхтаб қолган қурилиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қароридан сўнг яна бошланди.

Стадионнинг дастлаб 45 минг одамни сиғдира оладиган Марказий Осиёдаги энг катта спорт комплекси бўлиши айтилган эди. ЎФФ сайти маълумотига кўра, эндиликда томошабинлар ўриндиқлари сони 34 мингни ташкил қилади.

“Бунёдкор” спорт комплексининг аввалги лойиҳаси 150 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган эди, ҳозирги қурилишга 60 миллиард сўм сарфланиши ва бу маблағнинг хайрия ҳисобига йиғилгани айтилди.
XS
SM
MD
LG